Олий суд очиқлаган статитик маълумотлар – 2019-2022 йиллар ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагидаги кўрилган жиноят ишлари ва судланувчилар сони, жиноий ва маъмурий жазо турларига доир статистик маълумотларни қамраб олади. Kun.uz бу маълумотлар асосида энг муҳим кўрсаткичлар диаграммасини тақдим қилмоқда.

Республика бўйлаб биринчи инстанция судларида кўриб чиқилаётган ишлар ва судланувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда (1-жадвал). Масалан, 2019 йилда 28 минг 846 та суд мажлисларида 36 мингдан ортиқ судланувчи қатнашган. 2022 йилга келиб рақамлар мос равишда 2 баробардан ошган: 58 мингдан ортиқ суд мажслида 75 минг судланувчи.

1-жадвал. Диаграмма Олий суд маълумотлари асосида тайёрланди.

Ўз навбатида, жиноят ишлари бўйича суд мажлисларининг ортиши мазкур муддатда судланган шахслар сонининг ортишига ҳам олиб келмоқда (2-жадвал). 2019 йилда 27603 киши судланган бўлса, 2022 йилга келиб бир йилда 56 мингдан ортиқ шахслар судлангани маълум бўлди.

2-жадвал

2019-2022 йиллар давомида тарафларнинг ярашгани муносабати билан, Жиноят кодекси 66-1-моддасига кўра, иш юритувидан тугатилган жиноят ишлари сони ҳам, унда қатнашувчилар сони ҳам қарийб 2 баробарга ўсган.

3-жадвал

Олий судга кўра, 2019 йилдан буён ҳар йили 20 мингдан ортиқ шахс муддатидан олдин жазодан шартли озод қилинади, 10 минг атрофидаги судланувчиларнинг жазоси эса енгилроғига алмаштирилади.

4-жадвал

Олий маҳкама тақдим қилган рақамларга кўра, Ўзбекистонда оғир ва ўта оғир турдаги айрим жиноятларни содир қилаётган шахслар ҳам кўпайиб бормоқда (5-жадвал). Масалан, ушбу даврда қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар бир йилда 376 тадан 422 тага, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар эса йилига 154 тадан 170га ошган.