Муддатидан олдин президентлик сайловида ғолиб бўлган Шавкат Мирзиёев лавозимига қайта киришар экан, ташқи сиёсат ва глобал воқеликларга ҳам муносабат билдирди. Хўш, Ўзбекистоннинг кейинги 7 йилда ташқи сиёсат вектори қандай бўлади? Президент таъкидлаган “жаҳон миқёсидаги тарихий давр ниҳояси” нима дегани? “Геосиёсат”нинг бугунги сонида шулар ҳақида сўз боради.

 Кўрсатувимиз меҳмонлари – сиёсатшунослар Фарҳод Толипов, Камолиддин Раббимов, Сайфиддин Жўраев ва Шерзод Зиёев бўлди.

 — Янги глобал тартибот шароитига мослашишда Ўзбекистон учун асосий принциплар қандай ва қайси факторларга асосан шаклланиши керак?

Фарҳод Толипов

 Фарҳод Толипов: Қандай принципларга асосланмаслиги керак, деган савол қўйишни маъқул кўрардим. Кўп векторли сиёсат ҳақида гапирилади бизда, содда қилиб айтганда, барча давлатлар билан бир хил муносабат дегани. Масалан, АҚШ, Франция каби давлатлар кўп векторли сиёсат олиб боради, лекин бунга расмийлари урғу бериб гапириб ётмайди. Кейин мувозанатни сақлаш сиёсати деган тушунча ҳам кўпайган бизда. Академик нуқтайи назардан қарасак, бунинг ҳам иложи йўқ. Чунки мувозанат тушунчасининг сиёсатдаги мезонлари қандай, қандай ўлчаш керак, деган масала очиқ. Бу тушунчаларни бир кўриб чиқиш керак.

 Олдин ҳам айтганимдек, заиф давлат комплекси мавжуд. Ўзбекистон иккинчи ё учинчи даражали давлат эмас. Мустақилликдан сўнг анча ўзини тиклаб тажрибага эга бўлган давлат. Америка каби давлатлар Ўзбекистонга минтақадаги «калит» давлат деб қарайди, яъни жуда кўп нарса Ўзбекистонга боғлиқ. Шундай экан, Ўзбекистон ҳам шу мақомга яраша ҳаракат қилиши керак.

Сайфиддин Жўраев

Сайфиддин Жўраев: Кўп қиррали сиёсат тушунчаси ҳам бор ҳозир. Ривожланаётган мамлакатлардан ташқари АҚШ, Хитой каби давлатларда ҳам шу масала бор. Россия ҳам бундан кейинги сиёсатда қандай кириб борамиз жараёнга, деган масала қўйган. Яъни бу нарса бутун дунёда бор ҳозир.