Фото: RBC/TASS

Сачков ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмайди. Сўнгги сўзида ҳам буни яна бир бор такрорлади. BBC рус хизмати кибержиноятларга қарши курашган дастурчининг «жосуслик иши» қандай кечгани, Сачковнинг ўзи қўлга олинишида кимни айблаши ҳақида ҳикоя қилди.

«Москва-Сити»даги базм

«Менга қарши ишнинг давлатга умуман алоқаси йўқ, бу ўзим билан боғлиқ. Баъзи одамларга кибержиноятчилик билан курашганим халақит берган кўринади. Айтишларича, қўлга олинганимдан кейин ҳакерлар гуруҳи «Москва-Сити»да базм уюштирган», деганди Сачков 2022 йил ўз устидан очилган жиноят ишини изоҳлар экан.

Бу гапларни адвокати орқали оммага етказганда Сачков саккиз ойдан буён тергов қамоқхонасида эди. Уни 2021 йил сентябр ойида қўлга олишади. Ўшанда Group-IB офисига ниқобдаги ва фуқаролик кийимидаги одамлар тинтув ўтказиб, у ердаги нарсаларни олиб кетишган.

Сачков ва адвокатлари ҳукм ўқилиши чоғида. Фото: Москва шаҳар суди

ОАВда машҳур дастурчи қўлга олиниши бўйича турли тахминлар илгари сурила бошлади. Forbes'нинг ёзишича, Сачковнинг яқинлари унинг қўлга олинишини Evil Corp. гуруҳи раҳбари Максим Якубецни омма олдида танқид қилгани билан боғлайди. Evil Corp. 2019 йилдан буён АҚШ санкция рўйхатида туради. Америка ҳукумати маълумотларига кўра, бу гуруҳ ҳакерлари 40 дан ортиқ давлатлардаги одамлар, банклар ва корхоналардаги компютерларни Dridex вируси билан зарарлаш орқали 100 миллион доллардан ортиқ пул ўғирлаган.

2020 йил Россия бош вазири Михаил Мишустин мамлакатдаги IT-мутахассислар билан учрашув ўтказади. Ўша учрашувда сўзга чиққан Сачков Россия ҳукуматини кибержиноятлар билан курашишда сусткашликда айблаб, мисол сифатида айнан Якубецни келтиради.

«Мен ватанпарвар инсонман. Шундай экан, уни танқид қилсам, фақат ватанга меҳримдан деб билинг. Биринчи айтмоқчи бўлганим – Россиянинг дунёдаги кибержиноятлар ва киберхавфсизликка нисбатан бўлган риторикаси. Москва кўчаларида рақамига ВОР (ўғри – тарж.) деб ёзиб юрадиган жаноб Максим Якубец компютер жиноятчиси, Duridex вируси асосчиси эканини дунёдаги ҳамма инженер биладиган бир вақтда Россиядаги ҳеч бир орган бу айбловларга жавоб бермайди. Максим ўзининг ҳашаматли машинасида Москва кўчаларини кезишда давом этмоқда. Ишонинг, бу ахборот хавфсизлиги бўйича маҳсулотларини экспорт қиладиган рус компаниялари имижига салбий таъсир кўрсатади», деганди Мишустин билан учрашувда Сачков.