Ўзбекистон | 12:12 / 21.08.2023
3998
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қонунчилиги ЖСТ келишувларига уйғунлаштирилади

2025 йил 1 январдан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини олиб киришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдоридаги божхона расмийлаштируви йиғими бекор қилинади. Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 1 октябригача товарларни импорт қилиш учун лицензия бериш жараёнини автоматлаштириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юкланди.

Фото: Reuters

«Ўзбекистон қонунчилиги жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштирилиши муносабати билан айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

Қайд этилишича, 2024 йил 1 январдан бошлаб:

  • алоҳида давлатлардан олиб кириладиган маҳсулотларнинг мувофиқлигини мажбурий баҳолашдан озод этиш тартиби бекор қилинади;
  • импорт товарларни давлат тилида маркировка қилиш тартибига ўзгартириш киритилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 январдан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини олиб киришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви йиғими бекор қилинади. Президент мазкур тўлов бекор қилиниши муносабати билан 2024 йилгача тегишли вазифаларни амалга оширишни муқобил молиялаштириш бўйича таклифлар киритиш юзасидан топшириқ берди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 1 октябригача товарларни импорт қилиш учун лицензия бериш жараёнини автоматлаштириш (рақамлаштириш) бўйича, 2024 йилнинг 1 январига қадар транспорт харажатларини компенсация қилиш учун субсидия бериш тизимини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юкланди.

Фармон 2024 йил 1 январдан, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар эса 2025 йил 1 январдан кучга киради.

Аввалроқ, 2023 йил 1 июлдан Жаҳон савдо ташкилоти қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқлангани хабар қилинганди.

ЖСТга қўшилиш Ўзбекистонга нима беради?

ЖСТнинг асосий тамойили – эркин, очиқ ва шаффоф рақобат ҳисобланади. Агар Ўзбекистон ташкилотга аъзо сифатида қабул қилинса, глобал савдо «ўйин қоидалари»га амал қилган ҳолда, босқичма-босқич протекционизмдан воз кечади.

Бу биринчи навбатда, божхона тарифлари камайиши ҳисобига истеъмолчиларга арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматлардан фойдаланиш имкониятини тақдим қилади. Хомашё нархи пасайиши ҳисобига маҳаллий маҳсулотлар нархи ҳам арзонлашади ва халқаро бозордаги рақобатбардошлиги ортади. Логистика билан боғлиқ харажатлар сезиларли даражада камаяди.

Четдан олиб кирилаётган хомашё нархи қанча арзон бўлса, мамлакат ичида ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот нархи ҳам шунча паст бўлади. Рақобатбардошлик ошади. Бу дастлабки даврда миллий ишлаб чиқаришга салбий таъсир ўтказса-да, узоқ муддатли истиқболда рақобат муҳитини вужудга келтиришда ижобий омил ҳисобланади.

Мамлакат ичидаги айрим монопол компанияларнинг ички бозордаги устун мавқейига чек қўйилади ва эркин рақобат муҳити яратилади. Ҳозирги шароитда Ўзбекистондаги импорт протекционизми даражаси анча баланд ҳисобланади.

Шунингдек, инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига кириши кўпаяди. Бу эса янги иш ўринлари яратилишига имконият тақдим қилади. Бундан ташқари, ўрта муддатли истиқболда ташкилотга аъзолик инфляция пасайишига замин яратади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид