Кўпчилик жазоларнинг энг оғири виждон азоби эканига иқрор бўлади. Қамоқ жазосини ўтаб ёки белгиланган жаримани тўлаб қутулиш, ҳаттоки ўлим жазоси орқали ҳам бирданига муаммолардан соқит бўлиш мумкин. Аммо одам қандай қилиб ўзидан, ўзидаги виждон азобидан қочиб қутулоларди?!

Рус адиби Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романида айни шу масалалар кўтарилган. Шунингдек, асарда камбағаллар, қашшоқларнинг турмуш тарзи, чорасизлик кўчасидаги сарсонгарчиликлари очиб берилган.

Сюжет:

Асар бош қаҳрамони Расколников – собиқ талаба. Бир қанча ўткир мазмундаги мақолалари билан чиқишлар қилиб туради. Унинг қишлоқда онаси, бир синглиси камбағалликда ҳаёт кечиради. Кунлардан бирида Расколников онасидан хат олади. 

Унда синглиси Дунянинг помешчик Свидригайловлар хонадонида қандай хўрланганлиги ва ҳозирда Лужин исмли ўзига тўқ аслзодага турмушга чиқаётгани, Лужин тез орада Расколников билан учрашгани бораётгани ҳақида ёзилганди. Шунингдек, синглиси ва онаси Санкт-Петербургга кўчиб келишаётгани илова қилинганди.

Расколниковнинг молиявий аҳволи яхши эмас, ижара пулини тўламай қўйганига неча замонлар бўлиб кетган, уйдан ҳайдалиш арафасида эди. Қолаверса, бўлажак куёви Лужиннинг синглисига азбаройи севги юзасиданмас, балки Дунянинг ночорлигидан фойдаланиб, ўзига қарам қилиш мақсадида уйланаётгани унинг юрагини баттар эзар, ғурурини топтарди. 

Қаҳвахонада Мармеладов исмли бир одамнинг дардини тинглаган Расколников инсонларнинг, қолаверса, ўзининг ижтимоий-маиший ҳаёти ўта ачинарлилигидан аламзада бўлади. Мармеладов кўп болали одам бўлиб, хотини Катерина Ивановна сил, ўзи ишсиз. Вазият шу даражага бориб етадики, Катерина Ивановна болаларнинг қорнини тўйдириш учун ўгай қизи Соняни ишратхонага жўнатади.

Чорасизлик азобидан руҳи зўриққан Расколников буюмларини гаровга қўйиб юрадиган судхўр кампирни ўлдиришни режа қилади. Мақсади кампирни ўлдириб, маблағларини ўғирлагач йўқсиллигига барҳам бериш эди. Собиқ талаба режасини амалга оширади ҳам. Аммо бир муаммо чиқди: йигит кампирни ўлдириб чиқаётганида кампирнинг синглиси Лизоветта уйга келиб қолади. Саросимада қолган қотил гувоҳнида гумдон қилишга мажбур бўлади.

Гарчи бундай даҳшатли қотилликка ҳеч ким гувоҳ бўлмаган бўлса-да, Расколниковнинг руҳий мувозанати бузилади. Жамиятдан, яқинларидан мутлақо ажралиб қолади. Кампирнинг уйидан ўғирлаган пулларнинг бир тийинини сарфлаш хаёлигаям келмайди. 

Бу орада Лужин келса, у билан суҳбатлари жанжал билан якунланади. Узоқ манзилдан жигар порасига интиқ бўлиб келган онасини ҳам, жонажон синглисини ҳам кўришни истамайди. Ўзини фош қилиш учун бир неча бор маҳкамага бормоқчи бўлади.