Рублнинг ёзги қулаши Россияга қўшни давлатлар иқтисодиётига ҳам таъсир қилди. Мисол учун, 2016 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга чиққан танга август ойи ўрталарида, рублдан кейин кескин пасайишни бошлади. Ва ҳатто 15 август куни Россия банки асосий ставкани кескин оширганидан кейин рубл ўз қулашини бироз секинлаштирганда ҳам, танга яна бир неча кун қадрсизланишда давом этди. Қозоғистон Миллий банки миллий валютанинг қадрсизланишини «рублнинг заифлашишига реакция» дея изоҳлади. «Медуза» нашри рубл курси ҳақиқатан ҳам МДҲ мамлакатлари валюталарини ўз билан бирга жарга тортиши ва бу нима учун меҳнат мигрантларининг Россиядан чиқиб кетишига олиб келиши мумкинлигини ўрганган.

Умуман олганда, қандай омиллар МДҲ мамлакатлари валюта курсларига таъсир қилади?

МДҲ мамлакатлари иқтисодиётлари анча ўхшаш, аммо барибир бир-биридан фарқ қилади. «Бу худди шоколад қутисига ўхшайди: барча таъмлар ҳар хил, аммо уларни нимадир бирлаштиради», дейди йирик молиявий компания иқтисодчиси.

  • «Айрим давлатларда, масалан, Озарбойжон ва Туркманистонда миллий валюта курси тартибга солинади. Бу озарбойжон манати ёки туркман манатининг алмашинув курслари Марказий банклар томонидан қаттиқ белгилаб қўйилгани ва амалда деярли ўзгармаслигини англатади», дейди Freedom Finance Global таҳлилчилари нашрга берган шарҳида.
  • Бошқа мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистонда давлат валюта курсини қисман тартибга солади.
  • Арманистон ва Қозоғистонда валюта курси Россиядаги каби эркин қўйилади (ўзгарувчан). Яъни миллий валюталар қиймати биринчи навбатда валюта бозоридаги талаб ва таклиф билан белгиланади. Курсга бозор омиллари таъсир кўрсатади: масалан, танга курси нефт нархи ўзгаришига боғлиқ.

Рублнинг қўшни мамлакатлар валюталари билан қандай боғлиқлиги бор?

Россия минтақадаги энг йирик иқтисодиётлардан бири ҳамда Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ва МДҲнинг кўплаб давлатлари учун асосий савдо шериги ҳисобланади. Бундан ташқари, рубл ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода доминант валюта. ЕОИИ доирасидаги халқаро ҳисоб-китобларнинг аксарияти рус валютасида амалга оширилди: рублнинг экспорт ва импортдаги улуши 70 фоиздан юқори. Бу, хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва бошқа мамлакатлар компаниялари Россия билан савдо қилиш учун рубл сотиб олишини англатади.