2011 йил декабр ойида ишхонасидан жиноятчилардек олиб кетилиб, ўйлаб топилган айбловлар билан 12 йилга қамалган ҳамда 2022 йилнинг 22 сентябр куни Олий судда оқланган Хазорасп тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходими Дилшод Машарипов ёки биргина “и” ҳарфи учун судга берилиб, сарсонгарчиликлардан сўнг оқланган Тошкент вилоятида яшовчи Аброр Шамаровники каби тақдирлар кўп. Суд тизими эркин бўлмаган жамиятда бу каби синовли лаҳзалар оғир қисматга айланиши, айбсиз фуқаролар пешонасига судланган деган тамға осонгина ёпиштириб қўйилиши ҳеч гап эмас.    

Рақамларга эътибор қаратиладиган бўлса, Ўзбекистонда 2007-2015 йилларда судлар томонидан 688 354 нафар шахсга нисбатан 498 730 та жиноят иши кўриб чиқилиб, атиги 110 нафар шахс оқланган. 2016-2022 йиллар ва 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 457 823 нафар шахсга нисбатан 352 842 та жиноят иши кўриб чиқилган ҳамда 5 304 нафар шахсга оқлов ҳукми чиқарилган. 

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, оқлов ҳукмларининг ортиши суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси билан боғлиқ.

Мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида қонунчилик базаси халқаро андозаларга уйғун тарзда такомиллаштириб борилмоқда. Бу жараёнда ривожланган давлатлар тажрибасида муваффақиятли татбиқ этилган институт ва тамойилларни миллий амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратиляпти. 

Жумладан, суд жараёнида ишларнинг ошкора кўрилиши, тортишув тамойилини тўлиқ таъминлаш мақсадида жиноий-процессуал қонунчиликка 2021 йил февралдан дастлабки эшитув институти жорий этилган. Мазкур институт орқали суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўлган процессуал қонунбузилишларининг олдини олишга, суриштирув ва тергов органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга имконият яратилган.

Фуқаролик ва иқтисодий судларда эса судгача мажлис институти жорий этилган. Бу ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнларида аниқланган камчиликларни бартараф этишга ҳамда тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлашга замин яратган.

Сўнгги йилларда мамлакатда жиноий жазоларни либераллаштириш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.