Шайхонтоҳур туманида қўриқлаш хизмати ходими 12 ёшли қизга шаҳвоний шилқимлик қилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳужжатига кўра, 23 ёшли Ш.Ж. мактабда шартнома асосида қўриқлаш хизмати ходими бўлиб ишлаган. У 15 сентябр куни соат 15:30 да мактаб биносида 12 ёшли ўқувчи қизнинг олдига борган ҳамда унинг белидан ушлаб, лабидан ўпган ҳолда шаҳвоний шилқимлик қилган.

Суриштирув органи Ш.Ж. содир қилган ҳаракатни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан квалификация қилган ва ишни судга юборган.

Суд Ш.Ж.га нисбатан қўзғатилган маъмурий ишни кўриб чиқиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломати бор, деган хулосага келди ва уни прокурорга қайтариш ҳақида ажрим чиқарди.

“Ш.Ж. шаҳвоний шилқимлик ҳаракатларини вояга етмаган, 2014 йилда туғилган қизга нисбатан содир этган ёки этмаганлиги, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги ва иш ҳолатлари тўлиқ текширилмаган. Қайта суриштирув жараёнида иш ҳолатлари тўлиқ текширилиб, Ш.Ж.нинг ҳаракатларида жиноят аломати бор ёки йўқлигини, жиноят содир қилинган бўлса унинг ҳаракатларига тегишли баҳо берилиши лозим бўлади”, дея келтирилган суд ажримида.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 129-моддасига кўра, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш 3 йилгача, бундай ҳаракатни 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этиш 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар ушбу ҳаракатлар зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.