Жаҳон | 09:31 / 15.09.2023
4451
3 дақиқада ўқилади

Навалний фонди Болтиқбўйи давлатларидан Россия рақамига эга машиналар киришига рухсат беришни сўради

Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси Латвия, Литва ва Эстонияни Россия давлат рақамларига эга автомобиллар киришини тақиқлаш қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. Фаоллар, шунингдек, чегарада россияликларнинг шахсий буюмларини мусодара қилиш қарорини бекор этишни сўраган.

Фото: Reuters

Алексей Навалний томонидан асос солинган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси («ФБК») Латвия, Литва ва Эстония расмийларини Россия давлат рақамларига эга автомобилларни олиб киришни тақиқлаш ва чегарада россияликларнинг шахсий буюмларини мусодара қилиш ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди. 13 сентябр куни «ФБК» директорлар кенгаши раиси Мария Певчих томонидан уч давлатнинг ваколатли органларига юборилган хат намунаси эълон қилинди.

Мактубда, хусусан, Болтиқбўйи мамлакатлари киритган чоралар режимнинг Россияни тарк этишга мажбур бўлган мухолифларига зарар етказиши ва санкциялар самарасини камайтириши айтилади. Бундан ташқари, «ФБК» бу чекловлар санкциялар ғоясини обрўсизлантиради ва Россия пропагандаси учун янги далиллар беради, деб ҳисоблайди.

Певчихнинг сўзларига кўра, мактубда «қонунга ҳаволалар, қарама-қаршиликларнинг ҳуқуқий таҳлили ва камситувчи санкцияларни бекор қилиш имконияти асосланган».

Собол ва Кацнинг мурожаати

Россиялик мухолифатчи сиёсатчилар Любов Собол ва Максим Кац Европа расмийларига худди шундай мурожаат билан чиқди.

Собол Европа комиссияси (ЕК) раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелга йўллаган мактубида Европа расмийларидан янги чекловлар қандай ишлашини аниқлаб беришни сўради. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқининг «қарама-қарши ва ноаниқ» формулалари Россиянинг Украинага қарши урушни молиялаштириш қобилиятига ҳеч қандай таъсир қилмайди ҳамда Россия сиёсий элитасининг манфаатларига таъсир қилмайдиган кундалик фойдаланишни қамраб олади.

Ўз навбатида, Кац Европа Иттифоқининг молиявий барқарорлик, молиявий хизматлар ва капитал бозорлари иттифоқи бўйича комиссари Мейрид Макгиннесга мурожаат қилди ҳамда янги чекловлар санкцияларнинг асл маъносига зид эканини таъкидлади, чунки улар нафақат Россия элитасининг вакилларига, балки барча россияликларга тегишли. Кацнинг сўзларига кўра, шахсий транспорт россияликлар учун сиёсий таъқиб ёки сафарбарлик ҳолатларида мамлакатни тезда тарк этишнинг бир неча усулларидан бири бўлиб қолмоқда. 

Европа комиссиясининг тушунтиришлари 

8 сентябр куни Еврокомиссия Европа Иттифоқи давлатлари Россиядан санкция қўйилган товарлар, жумладан, автомобиллар, шахсий кийим-кечак ва гигиена воситаларини олиб кириш тақиқини қандай қўллаши кераклиги ҳақида тушунтиришлар берди. ЕК юзага келган резонанс фонида божхона органлари автомобилларга эътибор қаратиши кераклиги, бошқа нарсаларга, шу жумладан кийим-кечакларга нисбатан тақиқ эса «мутаносиб ва оқилона» қўлланиши лозимлигини аниқлаштирди. 

Литва ва Латвия ҳукумати 11-12 сентябр кунлари Европа Иттифоқи тавсияларига кўра, Россия давлат рақамларига эга автомобилларни ўз ҳудудига киришини тақиқлашини маълум қилди. Литва ва Латвиядаги тақиқ 12 сентябрдан кучга кирди. 13 сентябр куни Эстония ҳам худди шундай тақиқни жорий этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид