Давлат олий таълим муассасалариаро ўқишни имтиҳонсиз кўчиришга фақат 2 ҳолатда: талаба турмуш қурганда турмуш ўртоғининг доимий яшаш жойига, талабанинг ота-онаси ёки турмуш ўртоғининг иш жойи ўзгарганда ўқишни кўчиришга рухсат берилади.
«Перевод» учун минимал балл 1 йил олдинги ўтиш баллидан анчайин паст
Лекин имтиҳон асосида исталган хорижий ва мамлакат ичидаги хусусий ОТМда ўқиётган талабалар ўқишини давлат ОТМга кўчириш мумкин. Улар бунинг учун ўтиш баллини тўпласа етарли. Ўтиш балли эса бир йил олдинги кириш имтиҳонларидаги ўтиш баллига қараганда анча пастроқ.

Масалан, 2022 йилда Тошкент тиббиёт академияси «Даволаш иши» йўналишида ўтиш балли 159,4 балл бўлган бўлса, бу йил ўқишни кўчириш учун соғлиқни сақлаш соҳаси йўналишларида белгиланган минимал ўтиш балли 129 балл этиб белгиланган.
Ёки таълим йўналишида ўтиш балли 94 балл этиб белгиланган, аксар таълим йўналишларида эса ўтиш баллари бундан анчайин баланд бўлади. Тошкент давлат педагогика университетининг «Тарих» йўналишида ўтиш балли 159,1 балл, ўзбек тили ва адабиёти йўналишида эса 125,7 балл бўлган. Таълим йўналишида ўтиш балли 94 баллдан пастроқ бўлган йўналишлар ҳам бор, лекин талабгир йўналишларда балл анчайин баланд бўлган.
Шу минимал баллга ҳам етолмаганлар
Ўтиш балли анча паст бўлгани сабаб бир йилдан кейин хусусий ёки хорижий ОТМда ўқиб туриб, ўқишини кўчириш ниятида бўладиганлар етарлича бўлади. Масалан, бу йил хорижий ва хусусий ОТМдан давлат ОТМга ўқишни кўчириш учун 54,2 минг киши ариза топширган. Уларнинг 41,1 минг нафари Билимларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилган имтиҳонда қатнашган.
Лекин тестда иштирок этганларнинг 89,2 фоизи ўқишни кўчириш учун белгиланган минимал балларни тўплай олмаган. Фақат 4,3 минг нафар талабгор ўтиш баллини тўплаб давлат ОТМда ўқиш имконига эришган















