Ўзбекистон | 12:08 / 11.10.2023
13436
3 дақиқада ўқилади

Метродан фойдаланиш бўйича янги қоидалар тасдиқланди

Йўловчилар ва бошқа шахслар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига асосан кўздан кечиришдан ўтишни рад этган тақдирда, метрополитенга киритилмайди. 

Фото: Kun.uz

Ҳукумат қарори билан “Метрополитенда йўловчилар ҳамда бошқа шахсларнинг бўлиши қоидалари” тасдиқланди.

Метрополитенда йўловчининг бўлиши ва унинг юкини ташиш шартномаси тузилгани йўл чиптаси орқали ёки имтиёзга ҳамда бепул юриш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг тегишли ҳужжатини кўрсатиши билан тасдиқланади.

Йўловчилар ва бошқа шахслар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига асосан юкларини кўздан кечириш учун тақдим этади. Бунда қидирувдаги шахслар деб гумон қилинган ёки кўздан кечириш жараёнида ўзини шубҳали тутаётган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда шахсий кўздан кечирилиши мумкин. Йўловчилар ва бошқа шахслар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига асосан кўздан кечиришдан ўтишни рад этган тақдирда, метрополитенга киритилмайди. 

Метрополитен инфратузилмаси объектлари ва хавфсизлик ҳудудларида қуйидагилар тақиқланади:

  • ёнувчан, портловчи моддалардан ва босим остида ишловчи қурилмалардан фойдаланишни талаб этадиган барча фаолият турлари билан шуғулланиш ва шу билан боғлиқ кўнгилочар шохобчаларни қуриш ҳамда ташкил этиш;
  • метрополитен иншоотларидан, шу жумладан, ерусти шамоллатиш қурилмаларидан 25 метрдан кам масофада чиқиндиларни тўплаш, ёқиш ва гулханлар ташкил этиш;
  • газ ёнилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситалари (автоматик ёнғин ўчириш тизими билан жиҳозланган, эстакада иншоотлари остидаги махсус очиқ автотураргоҳлар бундан мустасно) ва ёнувчи материаллар ортилган транспорт воситаларини эстакада иншоотлари остига (автотураргоҳларга) жойлаштириш.

Метрополитенда қуйидагиларга рухсат этилмайди:

  • спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини истеъмол қилиш ёки маст ҳолда кириш;
  • қиздириладиган тамаки, электрон сигареталар ва носвой чекиш;
  • метрополитен ҳудудида оёқ кийимсиз ва кийимсиз ҳолда бўлиш;
  • бекатга йўловчиларнинг кийими, метрополитен вагонлари, иншоотлари ва қурилмаларини кир қилиши мумкин бўлган юклар ва буюмлар, шунингдек, велосипед (йиғиладигандан ташқари), мопед, скутер ва бошқа ҳаракатланиш воситалари билан кириш;
  • бекат ҳудудида, вагонларда акробатик ва спорт машқларини бажариш, ҳар хил турдаги спорт тўпларини ўйнаш.

Йўловчилар метрополитендан фойдаланишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ўзлари билан биргаликда 7 ёшгача бўлган болаларини, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар аравачаларини, болалар велосипедларини, мусиқа асбобларини, шунингдек, ғилофга солинган ҳолда санчилувчи, кесувчи ва осон синувчи буюмлар, чана, чанғи ва балиқ ови учун қармоқларни бепул олиб юриш;
  • ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар томонидан метрополитеннинг техник воситаларидан (лифтлар, ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини кўтарувчи/туширувчи мосламалар ва бошқа жиҳозлар) фойдаланиш, заруратга кўра тегишли ходимлардан ёрдам олиш;
  • бекатларни ҳаваскорлик фото ва видеотасвирга олиш;
  • ўлчамларига кўра учта ўлчови йиғиндиси бўйича 200 сантиметр: эни – 60 сантиметр, узунлиги – 70 сантиметр, баландлиги – 70 сантиметр бўлган юкларни бепул олиб юриш.

Мавзуга оид