Бу Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил 30 октябрдаги VII-28-180-14-0-K/26-сон қарорида белгиланган.

«Тошкент метрополитени»га 20 ноябрга қадар «Чилонзор», «Ўзбекистон», «Юнусобод» ва ер усти ҳалқа йўлида поездларни беш вагонли қилиб шакллантириш ҳамда интервалларни қисқартириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш топширилган. Ҳужжатда тиғиз вақтлар сифатида соат 07:30–09:30, 12:00–14:00 ва 17:00–19:30 оралиқлари кўрсатилган.

Автобусларда эса эрталабки 07:00–09:30 ва кечки 17:00–19:30 оралиғида асосий йўналишларга қўшимча транспорт чиқариш орқали қатнов интервалини 3–5 дақиқагача қисқартириш мақсад қилинган. Қарорда 15 ноябрдан бошлаб шу бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланган.

Шунингдек, 20 декабрга қадар йўловчилар оқими юқори бўлган 25 та йўналишга катта сиғимли, бўғинли автобусларни сафарбар этиш тавсия қилинган. Бунда Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги асосий йўлларга алоҳида эътибор қаратилади.

20 та автобус йўналишида кечки қатновни соат 23:00 гача узайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Масъулларга 1 декабрга қадар буни мавжуд имкониятлар доирасида ўрганиш топширилган.

Рўйхатга 1-, 14-, 18-, 21-, 24-, 28-, 38-, 44-, 46-, 51-, 58-, 67-, 72-, 85-, 93-, 98-, 115-, 118-, 131- ва 147-сонли йўналишлар киритилган. Кечки қатновларда автобуслар оралиғи 15–20 дақиқадан ошмаслиги, жадваллар бекатлар ва рақамли иловаларда эълон қилиниши белгиланган.

Қарорга кўра, 1 ноябрдан жамоат транспорти учун ажратилган «А» йўлакларида шахсий автомобилларнинг ноқонуний ҳаракатланиши ва тўхтаб туришига қарши рейдлар кучайтирилади. 15 декабрга қадар эса автобусларнинг олд қисмига қоидабузарликларни ҳаракат вақтида автоматик қайд этувчи камералар ўрнатиш ва уларни ЙҲХБ ягона базасига улаш амалиёти йўлга қўйилиши керак.

Ҳужжатда ҳайдовчиларнинг ногиронлиги бўлган йўловчиларга пандусни очиб бериши хизмат мажбурияти сифатида белгиланиши ҳам назарда тутилган. Бундан бош тортган ҳайдовчиларга интизомий чора кўриш топширилган.

Қарорда октябр ойида ижтимоий тармоқлар орқали қарийб 3 минг киши иштирокида ўтказилган сўров натижалари ҳам келтирилган. Қатнашчиларнинг 85,4 фоизи тиғиз вақтларда ҳаддан ташқари гавжумликни, 32 фоизи эса бекатда 20 дақиқадан ортиқ кутишни қайд этган. Айни пайтда, иштирокчиларнинг 79 фоизи транспорт тизимини умумий ҳисобда «қулай» ёки «жуда қулай» деб баҳолаган.