Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаш натижасида табиатга қарийб 700 млн сўм зарар етди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорат инспекцияси, Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими, Сирдарё вилоят ДХХ бошқармаси, вилоят прокуратураси, Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.
Фото: Экология вазирлиги
Сирдарё дарёсининг Гулистон тумани «Теракзор» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида ўтказилган рейд давомида фуқаролар И.Д., Б.Й. ва И.Д, томонидан ноқонуний ов қуроли, яъни электр қармоқ ҳамда резина қайиқ ёрдамида турли хилдаги 36 та балиқ, жумладан, 1 дона Ўзбекистон Қизил китобига киритилган «Туркистон мўйловдори» овлангани маълум бўлди.
Ҳуқуқбузарлик натижасида «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида», «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» ҳамда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлар бузилган. Натижада ҳайвонот дунёсига 694 миллион 220 минг сўм зарар етказилган.
Рейд давомида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, ноқонуний овланган 36 дона балиқ, 1 дона электр қармоқ, 1 дона резина қайиқ, 2 дона аккумулятор, 1 жуфт эшкак, 1 дона тутгич ва 1 дона тунги ёритиш мосламаси ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар вақтинча сақлаш учун олиб қўйилди.
Иш юзасидан ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш мақсадида Сирдарё вилоят прокуратурасига юборилди.
Мавзуга оид
09:36
Венгриянинг “смарт қишлоқ” тажрибаси Сирдарёда синаб кўрилади
18:54 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида Хитой билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарилади
13:51 / 04.12.2025
Шавкат Мирзиёев биоаксал полипропилен плёнка ишлаб чиқарадиган ягона корхона фаолияти билан танишди
12:16 / 04.12.2025