Ўтган ҳафта, 11 октябр куни Афғонистонда 280 км, эни 100 метр бўлиши кутилаётган Қўштепа канали қурилишида 2-босқичга старт берилди.

Kun.uz мухбири яна бир бор мавзуга қайтди ва давом этаётган қурилиш, лойиҳа ортидаги кучлар, унинг Ўзбекистон учун энг оддий ва жиддий оқибатлари, бу борада икки томонлама мулоқотлар бориши ҳақида суҳбат ўтказди.

Суҳбат меҳмонлари Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов, Болоня университети магистри, гидролог Собиржон Қодиров ва сиёсий таҳлилчи Сухроб Бўронов бўлди.

— Усмон ака, сиз билан бундан ўн ой аввал Қўштепа канали қурилишининг ҳали биринчи босқичи давом этаётган кунларда гаплашган эдик. Эсимда, ўша суҳбатда сиз канал қурилишига тўсиқ бўладиган кўплаб муаммолар ҳақида гапиргандингиз. Аммо кўрдикки, “Толибон” 10 ой ичида нафақат муаммоларни енгиб ўтиб, каналнинг биринчи босқичини қуриб тугатди, балки иккинчи босқичга ўтишга ҳам улгурди. Хўш, ишлар бундай ривож топишини кутганмидингиз ё қурилиш сиз кутмаган тарзда жуда тез кетяптими?

Усмон Норқулов:

— Чиндан ҳам “Толибон” ишни жуда тезлаштириб юборди. Ишлар бошланишидан аввал канал лойиҳаси учун 4-5 йил керак бўлиши айтилганди, ҳисоб-китоблар ҳам шунга олиб борарди. Лекин улар бир йилдан сал ошиқ вақтда ишларнинг деярли 50 фоизини бажаришди. Аммо эсдан чиқармаслик керакки, бу тезлашиш ҳали канал битди дегани ҳам эмас, бунда каналнинг фақат ўзани олинди. Канал ҳали оддий тупроқ ўзанда турибди. Ҳар қандай канал қурилиши талабларига кўра, унга қўшимча бир қанча иншоотлар ҳам бўлиши, қурилиши керак. Бундан ташқари, қўшимча тармоқ каналлар қазиш, массивларда яна ички тармоқлаш қазиш ишлари ҳам бор. Бу лойиҳалар ҳақида ҳали маълумотлар йўқ. Лекин ишлар тахмин қилинганидан тезроқ кетаётгани рост.

— Ҳозир шундай маълумотлар борки, афғон томони Қўштепа канали орқали келгусида 600-650 минг гектардан зиёдроқ майдонни суғориш учун сув олиши мумкин. Аммо бир муддат аввал сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Kun.uz сайти учун интервю бериб айтдики, ундаги маълумотлар бўйича сув 300-350 минг гектар учун олиниши мумкин.

Олим сифатида таҳлилларингиз қизиқ, 300 минг гектар учун сув олинганда Амударёнинг имконияти қанда-ю, 600 минг ва ундан ортиқ майдон учун сув олинса, бунинг биз учун оқибатлари қандай бўлади?