
Ғазо секторидаги фаластинликлар Исроил армиясининг ҲАМАСга қарши бошлаши кутилаётган қуруқлик амалиётидан қочиш умидида ўтган ҳафта охиридан буён Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктида кутишмоқда.
Америка нашрлари у Ғазодаги қўшфуқароликка эга шахслар чиқиши ва қарама-қарши йўналишда инсонпарварлик ёрдами юбориш учун очилиши ҳақида хабар қилишган, аммо ҳозиргача бу рўй бермаяпти.
Ўтган ҳафта шанба кунидан буён ўтказиш пункти исталган вақтда қисқа муддатга очилиши мумкинлиги ҳақида мунтазам хабарлар тарқалиб турибди, Ғазодаги хорижликлар ва икки мамлакат фуқаролигига эга одамлар тайёр туришга чақирилмоқда.
Аммо 17 октябр кунига келиб ҳам у ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.
Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти ўзи нима?

Бу Ғазо секторининг энг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, бу ердан Мисрнинг Синай яриморолига ўтиш мумкин.
Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти – Ғазодаги Исроил томонидан назорат қилинмайдиган ягона чегара-ўтказиш пункти ҳисобланади. Унинг хавфсизлиги ва кириш режимини бир томондан мисрлик чегарачилар, иккинчи томондан ҲАМАС кучлари амалга оширади.
Ғазо секторидан чиқишда яна иккита назорат-ўтказиш пункти мавжуд: шимолда Исроил билан чегарадаги Эрез пиёда назорат-ўтказиш пункти ҳамда Исроил, Ғазо ва Миср чегаралари кесишган жойдаги Керем Шалом НЎП, ундан юк транспорти ўтказиш учун фойдаланилади.
Ҳозирда улар ҳам ёпилган.
Рафаҳ пунктининг ҳозирги аҳамияти нимада?

Фото: ANADOLU AGENCY
Ғазо секторини бошқарадиган ҲАМАС гуруҳи аъзолари 7 октябр куни Исроил жанубига мисли кўрилмаган ҳужум доирасида анклав шимолидаги Эрез назорат-ўтказиш пунктига ҳам босқин уюштирганди.




















