“Уятсиз ҳаракат қилган одам ўн йиллаб қамалса-ю, вояга етмаган қизлар билан 10 ойлаб айш-ишрат қилган амалдорлар енгил жазо олса, жамоатчилик норозилигига тўла асос бор”, – дейди ҳуқуқ фаоллари. 

Ҳуқуқ фаоллари Абдураҳмон Ташанов ва ва Камола Алиева Kun.uz’га берган интервюсида Хоразмда маҳаллий амалдорларнинг оилавий болалар уйи тарбияланувчиларига нисбатан содир этган жиноятлари ва бу борада давом этаётган тергов ҳаракатлари ҳақида фикр билдирди.  

— Педофилия мавзусида гаплашарканмиз, Хоразмдаги маҳаллий амалдорларнинг болалар уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келгани ва унинг ҳозирда давом этаётган қайта тергови масаласи ҳам четда қолмаслиги керак. Хўш, бугун иш доирасида вазият, тергов қайси босқичда?

Абдураҳмон Ташанов:

— Бу иш, агар бошроғига қайтадиган бўлсак, 2021-2022 йилларда 10 ой давомида содир қилинган. Унда Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг туман бўлими раҳбари айбланган. Аммо судда уларга ниҳоятда енгил жазо берилган. Бу ҳақида жамоатчилик кўп гапирди. Бизнинг идоралар жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг ҳуқуқига ёпишиб олган, ташқаридагиларнинг ҳуқуқи эса йўқ.

Март ойида бу воқеалардан жамоатчилик жунбишга келтирганини яхши эслаймиз. Бунга асос ҳам бор эди, чунки айбдорларга жуда енгил жазо тайинланган. Ўзингиз ўйланг, ёш болага қарата битта уятсиз ҳаракат қилган одам 19 йилга кетиб турса-ю, 10 ой давомида шундай бузуқ ишлар қилиб юрган одамларга бундай енгилгина жазо берилса. Бу – жамиятда ижтимоий тенглик бузилганини ва ноҳақликни кўрсатади.

“Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунда қаровчиси бўлмаган болаларнинг васийлари прокуратура ва Адлия органлари ҳисобланади. Жиноят эса ўша болаларнинг васийси — маънавий отаси томонидан содир этиляпти. Адлия вазирлиги ходими жиноятни содир қилган бўлса, прокуратура ёлғон маълумот бериб, уларни процессуал тартибда қамоққа олинди, деяпти. Аммо қамоққа олинмаганини яхши биламиз. Олий судга иш бўйича процесс берилган, деди прокуратура, Олий суд эса бизга берилмаган, деяпти. Бир ота алдаса, бири зўрласа, жамоатчилик яна қандай қилиши керак?

Август ойида жамоатчилик босими билан суд жиноят ишида 118-модда (номусга тегиш бўйича) аломатлари бор, деб, Хоразм прокуратурасига қайта терговга юборган. Суднинг иши ҳам қизиқ-да, олдин ҳам Хоразмда тергов қилинган, энди эса яна қайта Хоразмга юборди. Прокуратура бошлиғи ўша айбланувчи амалдорлар билан ошга борган, бир даврада бўлган, йўли кесишган. Оқибат нима бўлди? Иш судга яна 128-модда билан қайтиб келди. 128-модданинг ҳам кейинги киритилган ўзгартиришларида оғир жазолар бор.