Ўзбекистонда болаларга нисбатан ўта оғир жинсий жиноятлар учун жазони кучайтириш, жумладан, 14 ёшга тўлмаган боланинг номусига текканлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳаси 29 сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ҳужжат «Адолат» партияси фракцияси ташаббуси билан киритилган бўлиб, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Ушбу ҳужжат билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, лойиҳада болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жазо чораларини кучайтириш, жабрланган болаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда.

«Энг аввало, болаларга нисбатан содир этилган ўта оғир жинсий жиноятлар учун жазо кескин кучайтирилмоқда. Хусусан, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш кўзда тутилмоқда», – дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.

Лойиҳадан яна шундай таклифлар ўрин олган:

  • боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларни содир этган шахслар жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жавобгарликдан ва жазони ижро этиш муддати ўтганлиги боис жазодан озод қилинмаслиги белгиланмоқда;

  • зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича жабрланган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчини юзлаштиришни махсус тартиб асосида ўтказиш таклиф этилмоқда;

  • боланинг яқин шахслари томонидан зўравонлик содир этилган ҳолатларда эса жиноят ишини судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлаш назарда тутилмоқда;

  • зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми ҳам жорий этилмоқда.