Киши бошига 37 нафар сайёҳ

468 км² ер майдони ва 83 минг 523 нафар аҳолига эга бўлган Андорра ҳар йили 3 млн нафар сайёҳни қабул қилади. Жаҳон туризм ташкилотининг 2019 йилдаги маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига 37 нафар турист тўғри келади, бу ўша вақтда қайд этилган энг катта статистик рақам ҳисобланади.

Андорра – аҳоли жон бошига ҳисоблаганда дунё миқёсида энг кўп сайёҳларга эга давлат / Фото: The Telegraph

Франция ва Испания оралиғида жойлашган митти давлат ўзидаги мавжуд аҳолидан ҳам кўпроқ сайёҳни қабул қилувчи дунёдаги 66 та давлатдан бири саналади. Шунингдек, бу рўйхатга 17 млн 350 минг нафар сайёҳ ва 3 млн 890 минг нафар маҳаллий аҳолига эга Хорватия, 67 млн 30 минг фуқароси ва йилига 39 млн 420 минг сайёҳи бор Буюк Британия ҳам киритилган. Қолаверса, Австрия, Греция, Дания, Португалия ва БААга борадиган сайёҳларнинг йиллик сони резидентларга қараганда икки баравар кўплиги ҳам айтилади.

Андорра пойтахти – Андорра ла Веля сайёҳлар орасида ҳашамат, электроника маҳсулотлари, сигареталар, шунингдек, арзонроқ шаҳарлиги билан ҳам машҳур. Лекин мамалакатга ташриф буюрувчилар сони кундан кунга ортиб бораётгани фақат булар билан боғлиқ эмас.

Андоррада солиқ тизими анча енгиллаштирилган, шу сабабли ҳам мамлакат, айниқса, Франция ва Испания фуқаролари учун жозибали. 

Сайёҳлар Андорранинг пойтахтига асосан арзон нархдаги ҳашамат товарларини сотиб олиш учун боришади / Фото: The Telegraph

Қолаверса, Андорра ўзининг тоза ҳавоси ва гўзал табиати билан ҳам саёҳатчиларни ўзига жалб қилиб келган. Ҳудуд тоғлардан иборатлиги сабаб қиш мавсумида аҳоли учта чанғи зонасига: Грандвалира, Ордино Аркалис ва Пал-Аринсалга боради. Ёзда эса велосипедда сайр қилишни афзал кўришади.

Кичкина, аммо “бағри кенг” ҳудуд – Макао

Андорра аҳоли жон бошига ҳисоблаганда энг кўп сайёҳга эга мамлакат бўлиши мумкин, аммо ҳудуд жиҳатдан ундай эмас. Чунки маҳаллий яшовчилар “қочиб қутилиши” мумкин бўлган тоғликлари бор. Хитойнинг жануби-шарқий томонида жойлашган Макао тумани ҳақида эса бундай дейиш мушкул. Туман 118 км² ер майдонига эга бўлиб, у 2019 йилда 18 млн 630 минг нафар сайёҳни қабул қилган.