Сохта тренингчи Ислом Иброҳимов кўп миқдордаги фирибгарлик жиноятларини содир қилганликда гумонланиб, қидирувга берилгани маълум бўлди. Хўш, у одамларни қандай қилиб чув туширган? Тармоқдаги саҳифасида Канадада экани ҳақида ёзаётган Иброҳимов чинданам уммон ортидами? Ушбу мақола ва кўрсатувда шулар ҳақида батафсил билиб оласиз.
Ислом Иброҳимов ким ўзи?
Бир муддат аввал SUBYEKTIV “бизнес-тренинг” номи остида сотилаётган курслар ҳамда улар орасида ўзи ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш орқали мижоз йиғаётганлар ҳақида махсус кўрсатув тайёрлаган эди. Унда Ислом Иброҳимов фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.
Мазкур кўрсатувда Ислом Иброҳимовга тегишли “IBRO BEST” қурилиш фирмасининг фаолияти ўрганилганди. Ушбу фирма томонидан қурилган, деб ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган объектлар бутунлай бошқа ҳудудда, бошқа қурувчи ташкилотлар томонидан қурилгани фош этилган.

“IBRO BEST” қурилиш фирмаси менежерлари билан боғланилганда эса жамиятга инвестиция киритиш таклифини беришдан нарига ўтишмаган. Яъни, Ислом Иброҳимовнинг фирмалари инвестиция киритиш эвазига йилига етмиш фоиздан фойда олиш таклифи билан аллақачон одамларни чўв тушира бошлаган.
Шунингдек, SUBYEKTIV лойиҳасида Ислом Иброҳимов тренингчи сифатида анча танилгани, бироқ асосланмаган фактлар билан тингловчиларни алдаб келаётгани очиб берилганди.
У одамларни қандай алдаб келган?
Ушбу воқеалар фонида Kun.uz’га Иброҳимовнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатлар акс этган материаллар келиб туша бошлади.
Ислом Иброҳимов одамларнинг ишончига кириб, Бухоро шаҳридаги “Business Invest online school” раҳбари сифатида мазкур жамиятга сармоя киритишни сўраган. Эвазига 70 фоиз фойда беришни ваъда қилган.
Жумладан, Тошкент шаҳри Олмазор туманида истиқомат қилувчи Салимжанова 11 000 АҚШ долларни 70 фоиз фойда олиш мақсадида Иброҳимовга берганини айтмоқда. Маълум муддат ўтгач, аёл ўзининг чув тушганини билиб қолади ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилади. Бироқ бу пайтга келиб Ислом Иброҳимов аллақачон мамлакатни тарк этганди.



















