Тошкент шаҳридаги пулли автотураргоҳлар оператори Poytaxt Parking ўз номидан юборилаётган сохта SMS хабарлар ҳақида огоҳлантирди.

Қайд қилинишича, SMS Филиппин (+63) ва Марокаш (+212) халқаро кодли рақамлардан келмоқда ва қарзни тўлаш талаб этилмоқда.

Парковка сессияси ҳақидаги маълумотларни кўриш ва қарзни узиш учун ҳаволага ўтиш ҳамда автомобил давлат рақамини киритиш таклиф этилган. Хабардаги ҳавола расмий сайт манзилини сохталаштирган ва агар «қарздорлик» узилмаса, сервис хизматидан фойдаланишни чеклаш билан огоҳлантирилган.

Poytaxt Parking компанияси бундай мазмундаги хабарни юбормаслигини таъкидламоқда. Хабар олувчиларга ҳаволага ўтмаслик ҳамда банк картаси реквизитлари ва автомобил рақамини киритмаслик тавсия этилган. Агар карта маълумотлари аллақачон киритилган бўлса, дарҳол банкка мурожаат қилиш ва картани блоклаш зарур.

Таъкидланишича, парковка тўлови мақомини фақат Poytaxt Parking иловасида текшириш мумкин.