Охирги йилларда жамоатчилик таниган, билган инсонлар, масалан, журналист ва блогерлар билан боғлиқ қатор суд жараёнларидан кейин бир касб эгалари ҳақида кўпроқ гапириладиган бўлди.

Ҳозир ўзбек жамоатчилиги бу касб эгаларини нафақат кўп тилга оляпти, балки бирор муаммо пайдо бўлса, тезда уларнинг хизматига мурожаат қилишни, бу орқали улар орасида энг кучлилари ким-у, қай бири шунчаки чўнтакка ишлайди, буни ҳам ўрганиб боряпти.

Адвокатлар. Бу касб эгалари охирги вақтларда шунингдек, яна бир вазият бўйича ОАВда кўп тилга олинмоқда. Бу – амалда адвокатларнинг эркинлигини тўла чеклайди, дейилаётган ҳужжат атрофидаги баҳслар.

Kun.uz мухбири икки адвокат ва инсон ҳуқуқлари фаолини навбатдаги суҳбат учун таклиф қилди ҳамда улар билан ана шу баҳсли ҳужжат ва умуман, бугун Ўзбекистонда адвокатура институти аҳволи ҳақида суҳбатлашди. 

Суҳбат меҳмонлари адвокат Жаҳонгир Муталипов, Саидали Мухторалиев ва журналист, ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов бўлди.

— Мавзуга, адвокатура институти таҳлилига кирарканмиз, айтиш керакки, ўзи барча нормал, демократик тузумларда адвокат энг ҳурматли касб, жамиятнинг локомотиви бўлган институтлардан бири.

Хўш, бугун ўзбек жамиятида ва янаям конкретлаштирсак, одамлар ва давлат органлари олдида адвокатнинг қадри, ўрни қандай?

Ўзбекистонда мавжуд 5 мингга яқин адвокатнинг неча фоизига бугун одамлар чиндан ишонади, борми ўзи бу ишонч?

Саидали Мухторалиев:

— Ҳа, ҳар қандай нормал жамиятда адвокатларнинг ўрни юқори. Чунки ҳар қандай давлат ва жамиятда ҳуқуқ ва ҳуқуқбузарлик масаласи бор, адвокатлар эса ўша ҳуқуқларни тиклайди. Лекин нуфуз ва обрў алоҳида бир масала. Ўзбекистонда адвокатлар сони бугунги кунда 5 мингга ҳам етмайди. Бунда ҳисобласак, 7 минг кишига тахминан битта адвокат тўғри келади дегани. Биз бу борада дунё рейтингида 40-45-ўринда турамиз, адашмасам.