Ойбек Абдукаримович Каимхўжаев Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

У ички ишлар органлари тизимида кўп йиллардан буён фаолият юритиб келмоқда.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Каимхўжаев Яшнобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи бўлишидан аввал мазкур бошқарма бошлиғининг тезкор ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

2021 йил июнида подполковник Ойбек Каимхўжаев Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.

Шундан буён у мазкур туман ички ишлар органларига раҳбарлик қилиб келган. Жумладан, 2025 йил апрелида Яшнобод тумани ҳокимлиги эълон қилган расмий хабарда ҳам Ойбек Каимхўжаев туман ИИО ФМБ бошлиғи сифатида қайд этилган.

Янги тайинловга қадар Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига полковник Абдумажид Шермуҳамедов раҳбарлик қилиб келаётган эди. Ички ишлар вазирлигининг 2026 йил 15 июлда эълон қилинган расмий хабарида Шермуҳамедов Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи сифатида кўрсатилган.

Ойбек Каимхўжаев ва Абдумажид Шермуҳамедовнинг 2021 йилдаги тайинловлари ҳам бир вақтда эълон қилинган. Ўшанда Шермуҳамедов Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи вазифасини бажарувчи, Каимхўжаев эса Яшнобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи этиб тайинланган эди.

Эндиликда подполковник Ойбек Каимхўжаев Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилади.