Президентнинг 14 сентябрдаги «Хоразм вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, лойиҳа Корея Республикасининг Green Hammer Co., Ltd компанияси томонидан амалга оширилади. Инвестор лойиҳа доирасида хорижий корхона — лойиҳа компаниясини таъсис этган.
Электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш бўйича тузилган битимларга мувофиқ, лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини 30 йил давомида «Ўзэнергосотиш» АЖга кафолатланган тарзда сотади. Компания эса электр энергиясини шу муддат давомида миллий валютада харид қилади.
Шунингдек, лойиҳа компанияси электр станциясини ягона электр тармоғига улаш учун зарур ҳаво электр узатиш тармоқлари ва тегишли инфратузилма объектларини «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тақдим этадиган техник шартлар асосида қуради. Улар ишга туширилгандан кейин «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга топширилади.
Электр станцияси ишга туширилишидан олдин «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ билан биргаликда станциянинг мамлакат электр энергетика тизимига таъсири баҳоланади. Техник хулоса асосида станцияни тармоққа улашнинг якуний шартлари келишиб олинади.
Қарорга мувофиқ, тегишли агентлик лойиҳа компаниясига 30 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни кафолатланган ҳажмда етказиб боради.
Инвесторнинг қурилиш давридаги мажбуриятлари лозим даражада бажарилишини таъминлаш мақсадида лойиҳа компанияси 7 млн АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали банк кафолатини тақдим этади.
















