Испания: Беллингҳем «Реал» учун класикони ютиб берди

«Барселона» – «Реал» 1:2 (1:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 6 Гундўған, 1:1 – 68 Беллингҳем, 1:2 – 90 Беллингҳем.
«Барселона» – тер Стеген, Жоау Канселу (Ямал, 77), Мартинес, Кристенсен, Араухо, Балде, Гундўған, Гави, Лопес (Ромеу, 72), Жоау Феликс (Рафиня, 77), Ферран Торрес (Левандовски, 61).
«Реал» – Аррисабалага, Карваҳал, Алаба, Рюдигер, Менди (Камавинга, 52), Кроос (Модрич, 63), Валверде, Тчуамени, Беллингҳем, Винисиус Жуниор (Васкес, 90), Родриго (Ҳоселу, 63).
Огоҳлантиришлар: Лопес (17), Ферран Торрес (45), Карваҳал (61).

Класико — ҳамиша алоҳида воқеа. Нафақат Испания, балки бутун дунё учун, шунинг учун Хави бундай ўйинлар икки томонда ҳам ҳайрат уйғотувчи ўйинлар бўлиши ҳақида жуда тўғри сўзларни айтди. Шу билан бирга, бу сафар «Монжуик» стадионидаги ўйинда каталонияликлар сафида ҳам, мадридликлар сафида ҳам Куртуа, Эдер Милитао, Педри ва Френки де Йонг каби етакчи футболчилар майдонга туша олмасди.

Левандовски ва Кунде жароҳатдан тузалган бўлса-да, мезбонлар жамоаси бош мураббийи уларни бу мақомдаги ўйинга туширишга шошилмади. Таркиблардаги танлов имкониятлари чеклангани туфайли сюрпризлар ҳам кутиш ўринсиз эди. Менди ўтган турда ҳам чап қанотда ўйнаган, Араухонинг ўнг қанотга кўчирилиши — уни Винисиус Жуниорга бириктириш учунолдинги класиколарда ҳам қўлланган тажриба. Ўнг қанот ҳимоячиси Канселу эса олдинроққа чиқарилиб, тоза вингер сифатида туширилди.

Қанотларга бу қадар жиддий эътибор қаратилгани туфайли илк голли ҳужум марказдан юзага келди. Лекин бунда мезбонларга омад ҳам кулиб боқди, Тшуамени Гундўғанга қайта узатилаётган пасни тўхтатишга уринди, аммо ундан келган тўпни Алаба яна германиялик яримҳимоячига топширди ва кўк-анорранглилар уйдаги класикода 1999 йилдан буён энг тезкор голни урди.

16 дақиқада Кроос Гавининг босими остида тўп йўқотгач, Фермин Лопес жарима майдонига кириб зарба йўллади, аммо тўп устунга тегди. 30-дақиқада Жоау Феликс тўпни Рюдигердан олиб ўтиб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётганида эса Карваҳал унинг жарима майдонига кириб боришига йўл қўймади.

«Реал» шундан кейин ҳам ўйинини кучайтиришга ҳаракат қилмади. Мадридликлар дастлабки 45 дақиқаликда  голли вазиятларни деярли яратишмади. Рюдигер узоқ масофадан зарба йўллаб кўрди, Карваҳалнинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси дарвоза тўрига ташқи томондан тегди. Беллингҳем Гави томонидан яхши қўриқланди, Винисиуснинг алдаб ўтишга ҳаракатлари кўп ҳолда тўп йўқотилиши ва унинг ҳакамга эътирозлари билан якунланди. Мадридликлар 2010 йил апрелидан буён илк бор биринчи бўлимда барселоналиклар дарвозаси соҳасига аниқ борган бирорта зарба бера олишмади. Гави ва Фермин майдон маркази учун курашда Беллингҳем ва Кроосдан яққол устун келишди.