Миллатлар лигаси гуруҳларида 3-тур учрашувлари бошланди.

А лигаси, 4-гуруҳ

Роналдунинг ўрнини эгаллаган ҳужумчида 1+1

Дания – Португалия 2:4
Голлар: Жоау Канселу, 13 (0:1). Дамсгор, 23 (1:1). Рамуш, 25 (1:2). Ҳойлунд, 53 (2:2). Витиня, 67 (2:3). Жоау Феликс, 87 (2:4)
Дания: Ҳермансен, Андерсен, Провстгор, Меле (Нарти, 81), Кристенсен, Юлманд (Фроҳолдт, 75), Ҳейберг, Дамсгор (Ҳег, 85), Дарами, Дагим (Исаксен, 46), Ҳойлунд
Португалия: Кошта, Рубен Диаш, Вейга, Нуну Мендеш, Жоау Канселу (Далот, 63), Рубен Невеш, Витиня, Бруну Фернандеш (Арауҳо, 90+2), Леау (Тринкау, 63), Педру Нету (Жоау Невеш, 82), Рамуш (Жоау Феликс, 82)
Огоҳлантиришлар: Дарами, 80 – Рубен Невеш, 82

Португаллар Копенҳагендаги ўйинни асосий юлдузи Криштиану Роналдусиз ўтказди. Бруну Фернандеш сардорлик боғичи билан майдонга тушди, Рафаэл Леау «еттинчи» рақамли футболкани ўзиники қилди. Бу номер Португалия футболи афсонаси исён қилиб, миллий жамоа қароргоҳини тарк этганидан кейин бўш қолганди.

photo_2026-10-02_12-13-33

Меҳмонлар 13-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Айнан Роналдунинг ўрнига тушаётган Гонсалу Рамуш аввалига дарвоза устунини нишонга олди, қайтган тўпга ўзи эга чиқди ва Жоау Канселуни голли узатма билан таъминлади.

Данияликлар чиройли гол билан жавоб қайтаришди – Миккел Дамсгор идеал зарбаси билан тўпни олис бурчакка аниқ йўналтирди. Лекин икки дақиқа ўтиб Гонсалу Рамуш яна катта саҳнага чиқди ва ҳимоячилардан қочиб кетиб, яқин бурчакни нишонга олди. Роналду захирада қолиши эвазига асосий таркибда тушаётган «Милан» форварди қаторасига иккинчи ўйинда гол урмоқда. Бўлимнинг қолган қисмида данияликлар посбони Мадс Ҳермансен Леау ва Рамушнинг мураккаб зарбаларини қайтарди ва ўйиндаги интригани сақлаб қолди.

Иккинчи бўлим стартида эса ўйиннинг энг асосий эпизодларидан бири рўй берди. Стадионга йиғилган мухлислар Роналду услубидаги гол нишонланишига гувоҳ бўлишди. Аммо голни португалияликлар эмас, данияликлар урганди. Расмус Ҳойлунд Дамсгорнинг жарима майдонига узатмасига ўзини таклиф қилди ва тўпни техник ҳаракат билан дарвозабон устидан ошириб ташлади. Шундан кейин болалигидан Роналдунинг фанати эканини бир неча бор тан олган ушбу ҳужумчи португаллардан ўз кумири учун ўч олаётгандек унинг гол нишонлаш услубини такрорлади.