Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Телефон рақам ва IMEI бўйича ўзгаришлар

2017 йил бошидан бери, яъни салкам 7 йилдан буён муҳокама қилиб келинаётган ўзгаришлардан бири ниҳоят амалга ошди. Энди Ўзбекистонда ҳам телефон рақамни сақлаб қолган ҳолда, алоқа операторини ўзгартирса бўлади. Бу янгилик 27 октябр куни, Тошкентдаги ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида эълон қилинди.

Бунинг қулайлиги шундаки, эндиликда абонентлар мобил алоқа операторларининг хизмат сифатига қараб исталган компанияни танлаши, шу билан бирга, ўз рақамини ўзгартирмай сақлаб қолиши мумкин. Бу айниқса қимматбаҳо рақам эгалари учун катта қулайлик туғдиради. Рақамни битта компаниядан иккинчисига чекланмаган марта олиб ўтса бўлади, фақат охирги ўзгаришдан камида 1 ой ўтган бўлиши керак.

Бу имкониятдан фойдаланиш учун абонент ўзи ўтмоқчи бўлаётган алоқа операторининг офисига мурожаат қилиб, ариза бериши ва тўлов қилиши керак. Тўлов миқдорини операторлар мустақил белгилайди. Ҳозир аксар компаниялар бу миқдорни 60 минг сўм деб белгилаган. Янги SIM-карта олиш жараёни 10 дақиқа, бу SIM-картага эски рақамни бириктириш эса узоғи 8 соатгача вақт олади.

ICTWEEK'да IMEI тизими бўйича ҳам бир нечта ижобий янгиликлар маълум қилинди. Уюшган жиноий гуруҳлар хорижга чиқиб келган фуқароларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланиб, уларнинг номига мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиб келгани бу борада асосий муаммолардан бири эди. Расмийларга кўра, энди қурилмани UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишда масофадан туриб шахсни биометрик идентификация қилиш, яъни Face-ID амалиёти жорий этилган. Фуқароларга уларнинг номига қачон ва қанақа қурилмалар рўйхатдан ўтказилганини кўриш имкониятини яратиш устидаги ишлар эса ҳали давом этаётгани айтилди.

Бундан ташқари, эндиликда жисмоний шахслар хориждан ўзи билан олиб кирган битта эмас, иккита телефонни божхона тўловларисиз рўйхатдан ўтказиши мумкин. Шунингдек, чет эл фуқаролари эса мобил қурилмаларидан рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланиш даври амалдаги 30 кундан 60 кунга узайтирилди.