Мустақилликдан буён илк марта ўзбекистонликларни кенг кўламли рўйхатга олиш бошланиши керак

Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун, президент фармони асосида ҳукумат қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра 2023 йил 1 — 25 ноябр кунлари Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши керак. Ҳужжатда, рўйхатга олиш бошланишининг аниқ пайти 2023 йил 1 ноябрь соат 00:00 этиб белгиланган. Рўйхатга олишни ўтказиш давомийлиги — 25 кун.

Респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғишда рўйхатга олиш санасидан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар ҳисобга олинмайди. 2023 йил 1 ноябрдан кейин туғилган болалар учун рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари тўлдирилмайди, бироқ ушбу санадан кейин вафот этган шахслар учун тўлдирилади. Бунда вафот этган шахс тўғрисидаги маълумотлар унинг вояга етган, муомала лаёқатига эга оила аъзолари ёки маҳалла идорасидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.

“Умрачи” турфирмаларнинг иши қийинлашди

Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб амалга киритиладиган қарори билан Умра тадбирларини ташкил этувчи турфирмалар учун талаблар кучайтирилмоқда.

Хусусан, эндиликда ўзбекистонликларга Умра зиёрати хизматларини кўрсатиш фақат маҳаллий туроператор томонидан амалга оширилади ва қуйидаги қўшимча талабларни бажариши керак:

-         Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш хизматларини кўрсатиш учун фирмада қўшимча равишда диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;

-         Умра хизматига лицензия олиш учун 100 минг доллардан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармаси учун очилган банк реквизитига захира қилади;

-         Умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг мутахассисларини тайинлаш.

Қарорга кўра, Умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш тақиқланади. Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан кучга кирувчи янги норма талабларига жавоб бермаган туроператорларга Умра тадбирларини ташкил этиш ҳуқуқи берилмайди.