Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳ баёнот билан чиқиш қилди — бу унинг Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланган 7 октябрдан буён илк баёноти бўлди. У «ҲАМАСдаги биродарлар»нинг ҳаракатларини олқишлади, шу билан бирга гуруҳ Исроилга ҳужум қилишдан олдин ўз режаларини «Ҳизбуллоҳ» билан бўлишмагани ва бу «100 фоизга фаластинларнинг ўзининг операцияси» бўлганини таъкидлади.

Айрим таҳлилчилар Насруллоҳ ўзининг олдиндан шов-шув билан анонс қилинган чиқишида Ливан ҳудудидан туриб Исроилга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ҳақида эълон қилишини кутганди, аммо у бундай қилмади. У «Ҳизбуллоҳ» ҲАМАСнинг Исроилга қарши урушига 8 октябр куни, уруш бошланган куннинг эртасигаёқ қўшилганини айтди.

Ҳасан Насруллоҳ яна нималар деди?

Ливандаги радикал гуруҳ раҳбари ҲАМАСни мақтаган ва Ғазодаги уруш учун масъулиятни АҚШ зиммасига юклаб, Исроилни «шунчаки қатл қуроли» деб атаган.

Қўшма Штатлар «ўт очишни ва тажовузни тўхтатиш»га қаршилик кўрсатмоқда, дея қўшимча қилган Насруллоҳ.

«Ушбу шонли, кенг кўламли амалиёт хавфсизлик, ҳарбий ишлар, сиёсат, дипломатия ва ҳатто психологик жиҳатдан зилзила келтириб чиқарди, - деган Ҳасан Насруллоҳ. - У чуқур стратегик оқибатларга эга бўлади».

«Ҳизбуллоҳ» етакчиси «Ғазо секторидаги шаҳидларнинг оилалари»га ҳамдардлик билдирган ва Яман ва Ироқдаги ҲАМАСнинг Исроилга қарши урушига қўшилганини эълон қилган гуруҳларнинг ҳаракатларини олқишлаган.

Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ» жангни 8 октябр куни, ҲАМАС кутилмаганда Исроилга ҳужум қилганининг эртасига бошлаганини билдирган.

У Ливан чегараси бўйлаб исроиллик кучлар билан ҳар кунги отишмаларни «1948 йилдан буён мисли кўрилмаган» деб атаган.

«Чегарада бўлаётган воқеалар камтарона кўриниши мумкин, аммо у жуда муҳим аҳамиятга эга.

Биз ҳар куни исроиллик аскарлар, танклар ва дронларга ҳужум қилмоқдамиз. Биз ҳақиқий жангларга қўшилганмиз. Шаҳидларимиз ҳам — 57 нафар — буни тасдиқлайди, — деган Насруллоҳ. — Бизнинг чегарадаги амалиётимиз Исроил армиясини Ғазо ва Ғарбий соҳилдан кучлар ва қуролларни Ливан фронтига ташлашга мажбур қилади».

У шунингдек нефт экспорт қилувчи араб мамлакатларини Исроилга маҳсулот етказиб беришни тўхтатишга чақирган. 

«Қоралаш тўғрисидаги баёнотлар етарли эмас, душман тузилмаси билан муносабатларни узиш ва ушбу тузилмага нефт ва бошқа маҳсулотлар етказиб беришни тўхтатиш керак.