Келишув дастлаб 30 июль куни кечқурун АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан эълон қилинди. Бу Тинчлик кенгаши ва воситачи давлатлар сулҳнинг кейинги босқичи учун йўл харитаси якунлаганини маълум қилгач юз берди.

«Бугун Тинчлик кенгаши Ҳамас ва Ғазодаги барча бошқа қуролли гуруҳларни ТЎЛИҚ ҚУРОЛСИЗЛАНТИРИШ бўйича ТАРИХИЙ келишувга эришди. Бу барқарор ТИНЧЛИК ва ХАВФСИЗЛИК сари қўйилган улкан қадамдир», деб ёзди Трамп.

Трамп келишув босқичма-босқич амалга оширилишини ва қуролсизланиш жараёни ривожлангани сари Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилишини айтди. «Келишув эҳтиёткорлик билан тузилган босқичларда амалга оширилади. Қуролсизланиш якунлангач, Исроил кучлари олиб чиқилади ва Халқаро барқарорлаштириш кучлари …янги Фаластин полиция кучлари билан биргаликда ишлайди», деб ёзган у.

Al Jazeera'нинг ёзишича, иккинчи босқичда шартларга риоя қилинишини таъминлашга қаратилган музокаралар учун Миср – АҚШ, Қатар ва Туркия вакилларига мезбонлик қилади.

Қуролсизланиш босқичлари

Қуролсизланиш бўйича режада қуйидагилар белгиланган:

ҲАМАС қуролларини рўйхатга олиш жадвали 14 кун ичида тайёрланиши керак. Муддатни узайтиришга фақат халқаро текширув комиссияси ва барча иштирокчи томонлар рози бўлгандагина рухсат берилади.

Фаластин Миллий Қўмитаси хатлов ва сақлаш жараёнини назорат қилади ҳамда амалга оширади. У Фаластин гуруҳлари иштирокида Ғазода қуролларни ушлаб турувчи, сақловчи ёки назорат қилувчи ягона органга айланади.

2026-07-31 22.34.38
Фото: Reuters

Исроилга ёки фаластинлик бўлмаган бошқа томонларга ҳеч қандай қурол топширилмайди.

Халқаро текширув комиссияси, халқаро кучлар ва янги Фаластин полицияси Исроил қўшинларининг белгиланган чизиқларга босқичма-босқич олиб чиқилиши фонида қуролсизланишни назорат қилади.

Хатлов ва сақлаш дастлаб оғир қуроллар, ҳарбий ишлаб чиқариш объектлари, қурол омборлари ва кенг кўламли туннел тармоқларига қаратилади.

Бу жараён бир нечта босқичларга, жумладан, Миллий Қўмитанинг кириб келиши ва халқаро кучларнинг жойлаштирилишига боғлиқ.

Халқаро кучлар янги Фаластин полиция хизматини ўқитади, фаластинликлар ҳамда ортга қайтаётган Исроил қўшинлари ўртасида жойлашади ва қуролларни ҳисобдан чиқариш жараёнини назорат қилади.

Нашрнинг расмийларга таяниб ёзишича, демилитаризация жараёни 200дан 300 кунгача давом этиши мумкин. «Халқаро барқарорлаштириш кучларини америкалик генерал назорат қилади. Аммо бир қатор давлатлардан жами 5000 нафарга яқин кучларни жалб қилиш бўйича кафолатлар аллақачон мавжуд».

Ғазони кимлар бошқаради?

Йўл харитаси Ғазонинг кундалик бошқарувини Тинчлик кенгаши назорати остида ишлайдиган технократик Фаластинликлар қўмитасига топширади. Таклиф этилаётган тузилмага қуйидагилар киради:

Ғазо Тинчлик кенгаши: АҚШ бошчилигидаги, Трамп умрбод раислик қиладиган халқаро орган. У юқори даражадаги стратегия, урушдан кейинги барқарорлаштириш ва қайта тиклашни молиялаштириш учун масъулдир.

2026-07-31 22.37.02

Таъсисчи ижроия Кенгаши: Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блер бошчилигидаги етти кишидан иборат гуруҳ бўлиб, у кун тартибини белгилайди ва кенгаш вазифаларини амалга оширади.

Ғазо ижроия Кенгаши: Қайта тиклаш ишларини йўналтириш ва минтақавий дипломатлар билан мувофиқлаштириш учун масъул бўлган оператив орган.

Ғазони бошқариш бўйича Миллий Қўмита: Ғазо ичидаги фуқаролик маъмурияти учун масъул бўлган технократлар қўмитаси.

2026-07-31 22.46.39
Миллий Қўмита аъзолари

Халқаро барқарорлаштириш кучлари: Янги Фаластин полициясини қўллаб-қувватлаш ва хавфсизликни таъминлашга мўлжалланган кўп миллатли кучлар. Индонезия эҳтимолий иштирокчи сифатида тилга олинган, Марокаш ўқитиш бўйича ёрдам беришни ваъда қилган.

Ғазонинг янги полиция кучлари: Ҳамас ва Исроил қўшинлари бўшатган ҳудудлар назоратини ўз зиммасига олиши кутилаётган, маҳаллий аҳолидан тузиладиган кучлар. Ходимларни қандай қилиб ишга қабул қилиш ва танлаш масаласи сўроқ остида қолмоқда.

Исроил жим, Ҳамаснинг шартлари бор

Жараён барча томонлар келишувни расман қабул қилганидан кейин 14 кун ўтгач бошланиши белгиланган. «Исроилликлар буни имзолагани ҳақида ҳали ҳеч қандай тасдиқ йўқ. Аммо агар Исроил битимдан воз кечса, Доналд Трамп бундан жуда ҳафсаласи пир бўлишини бизга айтишди», дейди Al Jazeera мухбири.

Юқорида қайд этилганидек, Ҳамаснинг қуролсизланишини бевосита Исроилнинг Ғазодан чиқиб кетишига боғланган. Яъни ҳар бир босқич бир-бирига қарам. Бинобарин, Исроилнинг ўз қўшинларини олиб чиқишни кечиктиришга қаратилган ҳар қандай уриниши ёки янги шартлар қўйиши бутун жараённи тўхтатиб қўйиши мумкин.

2026-07-31 22.35.02
Фото: AP Photo

Ҳамаснинг музокаралар делегацияси аъзоси Ғозий Ҳамад ҳам келишув Исроилнинг ўз мажбуриятларини бажаришига боғлиқ бўлишини айтди.

«Агар Исроил кучлари келишув доирасидаги ўз мажбуриятларини бажармаса, Ҳамас Ғазо бўйича тинчлик келишувининг ҳеч бир қадамини амалга оширмайди», деди у нашрга берган интервьюсида. «Исроил қуролсизланиш масаласига аралашмайди ва бу вазифани миллий қўмита амалга оширади».

Таҳлилчиларга кўра, Ғазода фаолият юритувчи, Ҳамас таркибига кирмайдиган турли қуролли гуруҳлар ва жангарилар мавжуд бўлиб, улар ушбу келишувни бузишни хоҳлашлари мумкин. Ва албатта, Ғазодан қўшинларнинг олиб чиқилишини кўришни истамайдиган исроиллик радикал сиёсатчилар ҳам бўлади. Улар Ҳамас қурол сақламоқда деган, турли даъволарни қилишади.

Умидвор фаластинликлар

Ушбу эълон Исроилнинг олдинги келишувларга амал қилмагани сабабли фаластинликларнинг унга нисбатан чуқур ишончсизлиги фонида янграмоқда.

АҚШ воситачилигида 2025 йил 10 октябрда Ғазода кучга кирган «ўт очишни тўхтатиш режими"ни Исроил деярли ҳар куни бузиб келмоқда. Сулҳ даврида IDF ҳужумлари камида 1100 нафар фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлди. Шунингдек, Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами киришини чеклашда давом этди, «Сариқ чизиқ» деб аталадиган ҳудудни сектор бўйлаб ичкарига кенгайтирди.

2026-07-31 22.35.06
Фото: NYT

Фаластинликлар эса ҳар куни Исроил ҳужумларидан, қайта-қайта кўчирилишлардан, шунингдек озиқ-овқат, дори-дармон танқислигидан азият чекишда давом этаётган бир пайтда, бу эълон ҳам умид, ҳам шубҳа билан кутиб олинди.

«Ҳақиқат шуки, ҳар куни секторнинг турли бурчакларидан кўплаб қурбонлар ҳақида хабарлар келмоқда. Оддий фаластинликлар учун энг муҳим савол шу: улар Трамп ва бошқаларнинг бу хабарлари таъсирини амалда қачон ҳис қилишади?

Фаластинликлар зўравонликнинг тугашини кўришни хоҳлашади. Улар эркин ҳаракатланиб, аксарияти бутунлай вайрон бўлган ўз уйларига қайтишни исташмоқда», дейди Al Jazeera'нинг Ғазо шаҳридан хабар берувчи мухбири Иброҳим ал-Халилий. Фаластинликлар ушбу уруш ҳақиқатан ҳам ўз ниҳоясига етаётганини ҳис қилишни хоҳлашади.