Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистон бир ойдан бери Исроилнинг тўхтовсиз ҳужумлари остида яшаётган Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 млн доллар ажратди. Президент қарорига кўра, бу маблағ БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги ҳисобига ўтказилади ва Ғазо сектори аҳолисига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун йўналтирилади.

Бу ҳақда эълон қилган Шавкат Мирзиёев томонларни ўт очишни тўхтатишга чақириб, Ўзбекистоннинг бу уруш борасидаги позициясини эслатиб ўтди. “Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз”, – деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам Яқин Шарқдаги урушга муносабат билдирди. Ташкилотнинг Остонадаги саммитида қабул қилинган декларацияда тинч аҳолига қилинаётган ҳужумлар қораланди. Шавкат Мирзиёев бу саммитдаги нутқида ҳам мустақил Фаластин давлатини қўллашини билдирди.

“Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими – низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир. Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга”, – деди президент.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоевнинг шу ҳафта маълум қилишича, Исроилда 10,5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси яшайди. Уларнинг аксарияти Самарқанд вилоятидан. Исроилдаги ўзбекистонликларнинг 95 фоиздан ортиғи қарияларни парваришлаш билан шуғулланади.