Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Фермерлар илк марта ўзлари етиштирган пахтани ўзлари биржада сота олади

“Фермерлар пахта етиштиришда бир вилоят ҳудудидаги исталган кластерни эркин танлаш ҳуқуқига эга”. Юридик жиҳатдан икки йил аввал тасдиқлаб қўйилган бу ҳуқуқ амалда ниҳоят мана энди ишлай бошлаши мумкин. “Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади”, дея эълон қилди Шавкат Мирзиёев 9 ноябр кунги селекторда.

Президентнинг сўзларига кўра, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоизлик аванс кластерлар эмас, тўғридан тўғри фермерларнинг ўзларига ажратилади. Шунингдек, янги кластер ташкил этиш учун талаблар кучайтирилиб, давлат томонидан кластер ва фермерларни молиялаштиришнинг янги тартиби йўлга қўйилади.

Айни пайтда, фермерларнинг кластерлар билан эмас, ихтиёрий кооперативларга бирлашган ҳолда пахта етиштириши мавзуси ҳамон кун тартибида эмас. Ўз қонуний ҳуқуқларидан фойдаланаётган кооперативлар шу пайтгача ҳокимликлар ва ички ишлар органлари қаршилигига учраб келаётган бўлса, энди улар қаторига агроинспекция ва судлар ҳам қўшилгани ачинарли. Сентябр ойи охирида Наманганнинг Мингбулоқ туманида 17 та фермер хўжалиги томонидан ташкил қилинган кооперативнинг пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш фаолияти агроинспекциянинг аризаси асосида, суд қарори билан тугатилди. Куни кеча апелляция суди бу қарорни ўзгаришсиз қолдирди. Афсуски, қонунчиликдаги жумла “кластер ташкил этилган ҳудудларда кооперацияга рухсат берилмайди” қабилида ноқонуний талқин қилинмоқда.

Пайшанба кунги йиғилишда қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари, хусусан сут ишлаб чиқариш борасида ҳам янгиликлар айтиб ўтилди. Унга кўра, сариёғ экспортига чеклов бекор қилинади, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарга давлат ёрдами берилади. Супермаркетларда, худди хориждагидек, қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаб қўйиш талаби киритилади. Президент айнан йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани ва бошқа сабаблар туфайли Рақобат қўмитаси раиси Шохруҳ Шораҳмедовнинг лавозимга лойиқлиги масаласини кўриб чиқишни топширди.