Жаҳон | 23:31 / 11.12.2023
23376
3 дақиқада ўқилади

Украина уруш учун Россияни кечирмайди – Зеленский 

Украина президенти сўзларига кўра, украиналиклар ҳозир фақат битта истак билан яшайди: урушни тугатиш, ўз ерида тинч яшаш ва Россия энди Украинани безовта қилмаслиги.

Фото: president.gov.ua

Украина Россияни кенг кўламли тажовузкор шафқатсиз уруш учун кечирмайди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Буэнос-Айресда Лотин Америкаси оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат чоғида айтиб ўтди. 

«Ҳеч ким Россияни кечиришни истамайди. Уларни ҳеч ким кечирмайди. Ва, албатта, улар Украинани босиб ололмайди, чунки улар у ерни эгаллаб, яшасалар ҳам ҳар куни уйларига ўт қўйилади. Албатта, бу қайтариб бўлмайдиган лаҳзадир, чунки улар жуда кўп одамларни ўлдирди ва бизда ҳар бир оилада қандайдир йўқотишлар бор», деб таъкидлади Зеленский. 

Украина раҳбарининг ишончи комилки, рус босқинчилари урушда ўз олдига қўйган мақсадларини амалга ошира олмайди. 

Шу билан бирга, президент урушни тугатиш учун муайян қадамлар қўйиш кераклигини таъкидлади. 

«Албатта, биз уни шундай тугатишимиз керакки, қайта бошланмасин. Бизга махсус хавфсизлик кафолатлари керак», деди Зеленский ва бу қонуний кафолатлар ёки Украинани Россияни тўхтатиш учун қуроллар билан таъминлаш бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди. 

Унинг сўзларига кўра, уруш пайтида украиналиклар фақат битта истак билан яшайди: урушни тугатиш, ўз ерида тинч яшаш ва руслар энди Украинани безовта қилмаслиги. 

Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путинга тинчлик керак эмас, чунки у мустақил Украинадан манфаатдор эмас. 

«У ҳеч қандай мулоқотни истамайди. У урушни тўхтатмоқчи эмас. Агар истаса телефонда бир оғиз сўз билан урушни тўхтатиши мумкин. Шунчаки, қўшинларига орқага қайтишни буюрса бас», деди Зеленский. 

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Россия президенти Украина ҳудудий яхлитлигини тиклашдан манфаатдор эмас. Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Путин айтганларининг ҳаммаси тўғри эмас. Хусусан, Украина давлати раҳбари эслаганидек, Путин 2014 йилда уруш бошлаганида, бу гўёки русийзабон аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида бўлганини айтган эди. 

Зеленский Украина шарқидаги Россия босқинчи армияси томонидан вайрон қилинган барча шаҳарлар русийзабонларники бўлиб, у ерда кўплаб русийзабонлар истиқомат қилишини таъкидлади. 

«У уларни ўлдирди. 2014 йилда уларни ҳимоя қилаётганини айтган эди, аммо аслида ўлдирди», деб таъкидлади Зеленский.

Мавзуга оид