Запорижжяда турар жой биноларига зарар етди

Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг Telegram орқали маълум қилишича, Россия қўшинлари шаҳарга ҳаводан зарба берган.

Ҳужум натижасида беш қаватли турар жой биносининг икки қавати бутунлай вайрон бўлган. Шунингдек, яқин атрофдаги тўққиз қаватли уйнинг ойна ва балконлари шикастланган. Зарба туфайли логистика операторига тегишли терминалда ёнғин чиққан.

Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати (ДФВХ) маълумотига кўра, ҳозирча икки нафар инсон ҳалок бўлгани тасдиқланган. Яна камида 42 киши жароҳат олган бўлиб, улар орасида саккиз нафар бола ҳам бор.

Украина оммавий ахборот воситалари шаҳарга ҳужум бошқариладиган авиация бомбалари — БАБ ёрдамида амалга оширилганини хабар қилмоқда.

Суми шаҳри ҳам ҳаво ҳужумига учради

Шу куни Россия қўшинлари Суми шаҳрига ҳам БАБ билан зарба берди. Ҳужум фуқаролик инфратузилмасини нишонга олган.

Суми вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, камида уч нафар инсон жароҳатланган.

Унинг сўзларига кўра, дастлабки маълумотларга асосан, шаҳарга еттита бошқариладиган авиация бомбаси ташланган. Зарбалар Ковпаков туманида қайд этилган бўлиб, турар жойлар ҳамда саноат ҳудудида жиддий вайронгарчиликлар юзага келган.

Маҳаллий ҳокимият ва қутқарув хизматлари ҳодиса жойларида қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда. Қурбонлар ва жабрланганлар сони янада ошиши мумкинлиги истисно этилмаяпти.