Жаҳон | 11:20 / 12.12.2023
6085
2 дақиқада ўқилади

Россияда мамлакатдан чиқиши тақиқланган фуқаролар паспортини топширишга мажбур бўлади

Россия фуқароларига чет элга чиқиш тақиқланган тақдирда хорижга чиқиш паспортларини сақлашга топшириш мажбуриятини юкловчи тузатишлар кучга кирди. Ҳукумат қарорида элчихоналар ва консулликларга ҳужжатларни топшириш тартиби ҳам белгиланган.

Фото: Сергей Ведяшкин / АГН «Москва»

Россияда мамлакат фуқароларига мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланган тақдирда паспортларини топширишга мажбуриятини юкловчи қонун кучга кирди. Расмийлар томонидан чет элга чиқиши тақиқланган россияликлар энди беш иш куни ичида хорижга чиқиш паспортларини уларни берган муассасаларга (Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги) ёки ўз ходимларининг Россиядан чиқиб кетишини чеклаган ташкилотларга «сақлаш учун топширишлари» керак. Тегишли қарор 22 ноябр куни Россия ҳукумати томонидан қабул қилинган.

Қарорда паспортларни хорижда топшириш тартиби белгиланган

«Россия Федерациясидан чиқиш ва Россия Федерациясига кириш тартиби тўғрисида» ги қонуннинг 18-моддаси кучга кириши муносабати билан қабул қилинган қарор хорижга чиқиш паспортларини Россиянинг хорижий ваколатхоналарига топшириш тартибини белгилайди. Элчихоналар ва консулликлардан ҳужжатлар дипломатик почта орқали уларни берган органлар томонидан сақлаш учун Россияга юборилади.

Расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган маълумотда айтилишича, кўрсатилган муддатда сақлашга топширилмаган паспортлар ҳақиқий эмас деб топилади. Сақлаш учун тақдим этилган паспортларни бериш чекловлар олиб ташланганидан кейин амалга оширилади.

Айрим тоифадаги фуқароларга, жумладан, мажбурий ҳарбий ёки муқобил фуқаролик хизматига чақирилганларга чет элга чиқиш паспортларини топширишни талаб қилувчи тузатишлар июн ойида қабул қилинган эди. Ўзгартиришлар Россия Давлат думасига 2021 йил август ойида киритилган. Қонун лойиҳасининг биринчи ўқиши икки ойдан кейин бўлиб ўтди. Бироқ депутатлар ҳужжатни иккинчи ва учинчи ўқишда фақат 2023 йилнинг май ойида қабул қилган. 7 июн куни тузатишлар Федерация кенгаши томонидан маъқулланган, 13 июн куни эса Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган. Энди - расмий эълон қилинганидан 180 кун ўтиб - тузатишлар кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид