12 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида пахта хомашёсини етиштириш тизимини такомиллаштириш чоралари муҳокама қилинди.
9 ноябр кунги селекторда президент кластерлар ва фермерлар ўртасидаги муносабатларни янгича ташкил этиш, пахта уруғчилигига илғор ёндашувларни жорий қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтган эди. Шу топшириқларга мувофиқ ишлаб чиқилган таклифлар бугунги йиғилишда кўриб чиқилди.
Президент матбуот хизматига кўра, 2024 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштирувчилар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида муносабатлар янги тартибда ташкил этилади.
Чигит экилишидан аввал фермер хўжаликлари ва вилоят ичидаги кластер ўртасида тупроқ ҳосилдорлиги доирасида фючерс шартномалари Товар-хом ашё биржасининг “пахта хомашёси секцияси”да ҳар бир ҳудуд учун ўтказиладиган савдолар орқали тузилади.
Бунда фермер ўзи етиштирадиган пахтанинг миқдорини биржага жойлаштиради ҳамда баландроқ нарх таклиф этган вилоят ичидаги кластер бу фермер билан фючерс шартномасини тузади. Бошланғич нарх Ню-Йорк биржасидаги пахта толасининг охирги 12 ойдаги ўртача нархи асосида белгиланади.
Фючерс шартномасидан ортиқча етиштирилган пахта хомашёси ёки ундан олинадиган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотларни фермер хўжаликлари тўғридан тўғри фючерс шартномаси тузган кластерга ёки биржа орқали исталган субъектга сотади.
Пахта хомашёси фермерларнинг ўз маблағлари, шу жумладан тижорат кредитлари ҳисобидан етиштирилганда пахта хомашёси ва ундан олинадиган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотлар биржада эркин сотилади.
Йиғилишда пахта хомашёсини етиштирувчи хўжаликларга биржада иштирок этиш тартиби юзасидан ўқув семинарлар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. Кластерлар ва бошқа корхоналар томонидан пахта хомашёси фақат электрон тарози орқали қабул қилиниши ҳамда пахта толасини автоматлашган ҳисобга олиш тизими жорий қилиниши белгиланди.
2024 йил ҳосилидан бошлаб фермерлар ва кластерларга пахта хомашёсини етиштириш ва якуний ҳисоб-китоблар учун Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратишнинг янги тизими жорий этилади.
Ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан агротехник тадбирлар доирасида товарлар, ишлар ва хизматлар, шу жумладан моддий ресурслар етказиб берувчилар фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан ихтиёрий танланади.
Кредит буюртмалари тўлиқ электрон шаклда тақдим этилади.


















