АПЛнинг 17-тури доирасида «Борнмут» ва «Лутон» учрашуви иккинчи бўлим ўрталарида нохуш воқеа туфайли тўхтатилди — меҳмонлар жамоаси сардори Том Локер ҳушидан кетиб қолди. 

62-дақиқада Локер ҳеч қандай тўқнашувсиз газонга қулаганида дастлаб атрофдаги футболчилар унинг олдига чопиб боришди ва захира ўриндиғидаги тиббиёт ходимларига сигнал бера бошлашди. «Лутон» бош мураббийи Роб Эдвардс ҳам воқеа жойига етиб келди. Шифокорлар Локерга шошилинч ёрдам кўрсатишга киришди.

Ўйин бош ҳаками Саймон Ҳупер ўйинни тўхтатди ва икки жамоа футболчиларини кийим алмаштириш хонасига олиб кетди. «Борнмут» жамоаси мухлислари рақиб ҳимоячисининг исмини айтиб, уни қўллаб-қувватлаб тушишди.

Футболчини замбилга ортган ҳолда майдондан олиб чиқиб кетишди, кўп ўтмай ўйинни қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди. «Лутон»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида дарҳол қуйидагича изоҳ берилди: «Ўйинда танаффус юз берди. Том Локерга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Биз барчамиз сен биланмиз, Локс».

Sky Sports журналисти Гэри Тэпҳаус «Борнмут» шифокори Локер «ўзига келгани ва саволларга жавоб қайтараётгани» ҳақида айтганини хабар қилди. Ўйин вақтида футболчининг юраги уришдан тўхтаб қолгани маълум бўлди. Айни вақтда у шифохонага ётқизилган.

АПЛ расмий саҳифасида ҳам ҳодиса юзасидан муносабат билдирилди: «Премер лиганинг «Борнмут» ва «Лутон Таун» футбол клублари ўртасидаги учрашуви футболчи билан боғлиқ тиббий ҳодиса туфайли бекор қилинди. Хаёлларимиз Том Локер ва бугунги ўйинда иштирок этган барча футболчилар билан».

Ўйин қолдирилганидан кейин жамоалар мухлисларга миннатдорчилик билдириш учун майдонга чиқишди. Бу вақтда трибуналар «Лутон» сардорининг фамилиясини айтиб уни олқишлашди.

Локер олдин ҳам ўйин вақтида ҳушини йўқотганди

Локер бундан олдин ҳам шундай ҳолатга тушганди. Жорий йил май ойи охирида Чемпионшип-2022/23 плей-офф босқичи финалида ҳам Локер ҳушини йўқотганди – ўшанда ҳам бу ҳеч қандай ташқи таъсирсиз бўлганди. Ўшанда 12-дақиқада у алмаштирилган – ўйин эса давом эттирилганди.