Эквадорнинг Гуаякил порт шаҳрида 9 январ, сешанба куни қуролланган шахслар тўғридан тўғри эфир вақтида TC Televisión давлат телеканалига бостириб кирди ҳамда бир неча журналист ва ходимларни гаровга олди. Жонли эфир тўхтатилмади, аммо суратга олиш майдончасидаги чироқлар ўчирилиб, бақириқлар, ўқ овозлари ва ходимлар калтакланаётгани эшитилган.
TC янгиликлари координатори ва мухбири Леонардо Флорес Моренонинг Reuters агентлигига айтишича, ҳужумчилар қабулхонага бостириб кириб, телеканал ходимларига ҳужум қилган ва «динамит қўйган». Икки киши жароҳатланган, шундан сўнг трансляция тўхтатилган. Кейинроқ полиция «тартиб ўрнатилгани»ни ва ҳужумчилардан 13 нафари қўлга олинганини маълум қилди.
Президент ички қуролли тўқнашув ҳақида маълум қилди
Телеканалдаги воқеадан кўп ўтмай ва Эквадорда бандитизм кучайгани муносабати билан мамлакат президенти Даниэл Нобоа барча жиноий гуруҳларни йўқ қилишга буйруқ берди. Сешанба куни кечқурун эълон қилинган фармонда у «ички қуролли можаро» режимини эълон қилиб, қуролли кучларга йигирмага яқин жиноий ташкилотларга қарши операция ўтказишни буюрди. Фармонда Эквадорда фаолият юритаётган жиноий тўдалар йўқ қилиниши лозим бўлган террорчи ташкилотлар ва уруш қатнашчилари деб аталади.
Эквадорда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Бир кун олдин, қамоқхоналарда зўравонлик авж олган бир пайтда, президент Нобоа мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат ҳақида эълон қилди. Бу даврда мамлакатда соат 23:00 дан 5:00 гача комендантлик соати жорий этилади.
Шундан сўнг Эквадорда дарҳол бир нечта қуролли ҳужумлар содир бўлди, улар давомида камида тўрт нафар полициячи ўғирлаб кетилди. Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Гуаякил мэри Акилеса Алвареснинг 9 январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, кун давомида шаҳарнинг турли жойларида содир этилган ҳужумларда камида саккиз киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган.
Катта жиноий гуруҳ раҳбари қамоқдан қочиб кетди
Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинишига ҳибсхоналарда юзага келган тартибсизлик сабаб бўлди. Жиноий гуруҳлар қамоқхоналарда шиддатли жанглар уюштирган, қўриқчиларни гаровга олган. «Лос Чонерос» катта жиноий тўдаси раҳбари, «Фито» лақабли наркобарон Адолфо Масиас қочишга муваффақ бўлди, деб хабар берди қамоқхона расмийлари.

















