Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навалний биринчи марта Ямалдаги колониядан видео-алоқа орқали чиқиш қилди
2023 йил охирида қутб доирасидан ташқаридаги колонияга кўчирилган Алексей Навалний декабр ойи бошидан бери биринчи марта суд мажлисига уланди.
Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний биринчи марта 2023 йил охирида кўчирилган Ямалдаги махсус режимли колониядан суд мажлисига видео-алоқа орқали боғланди. «Ҳурматли судя, кўз ёшларим оқмоқда - барчангизни кўрганимдан жуда хурсандман. Азиз Ковров суди, муҳтарам айбловчилар, ҳурматли ҳимоячиларим ва қадрли котиб - сизларни кўрганимдан жуда хурсандман», деди Навалний чоршанба, 10 январ куни киноя билан Владимир вилояти Ковров шаҳар суди мажлисида.
ИК-6га қарши даъвони кўриб чиқаётган судя Кирилл Никифоров мухолифатчининг илтимосига кўра, сиёсатчи ўз адвокати билан мулоқотда бўлиши учун беш дақиқалик танаффус эълон қилди, деб хабар беради «Медиазона» мухбири.
Навалний қутб доирасидан ташқаридаги колонияга ўтказилди
«Полярный волк» колониясига кўчирилишидан олдин сиёсатчи Владимир вилояти Мелехово қишлоғидаги ИК-6да эди. Декабр ойи бошида Навалнийнинг сафдошлари деярли уч ҳафта давомида у билан алоқага чиқа олмади. Унинг қаерда эканлиги 25 декабргача, сиёсатчи Ямало-Ненец автоном округидаги ИК-3га ўтказилгани ҳақида маълумот пайдо бўлгунга қадар маълум эмас эди.
9 январ куни Навалний ижтимоий тармоқларда ўзининг Ямал колониясидаги жазо камерасида эканлигини маълум қилган постини жойлаштирди. «Мени Узоқ Шимолдаги баракка қамаб қўйишгани ва энди жазо камерасида таъқиб қилиш тўхтатилади, деган фикр соддалик эди. Мен карантиндан эндигина чиққандим, аммо «маҳкум Навалний ўзини тўғри таништиришдан бош тортди, тарбиявий ишларга реакция билдирмаяпти, ўзи учун тўғри хулоса чиқармаяпти», дейишди. 7 кун жазо камерасида бўламан», деди сиёсатчи.
Россияда Навалнийнинг жиноий таъқиб қилиниши
Навалний 2021 йил февралида «Ив Роше» иши бўйича фирибгарликда айбдор деб топилгач, Россия расмийлари томонидан колонияга жўнатилган эди. Ўшанда сиёсатчига 2 йил-у 8 ой қамоқ жазоси берилди. 2022 йил март ойида Навалний яна фирибгарликда, кейин эса судяни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 9 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган эди.
2023 йил августида Алексей Навалний Москва шаҳар суди томонидан «экстремистик ҳамжамият»ни ташкил этганликда айбланиб, махсус режимли колонияда 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Расмийларга кўра, сиёсатчи асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси шундай ҳамжамият бўлган.
Мавзуга оид
16:10 / 10.03.2026
Навалний жамоаси жасад ёрилиши бўйича материалларни ошкор қилди
16:35 / 17.02.2026
Кремл Навалнийнинг заҳарланиши ҳақидаги айбловларни “қатъий” рад этди
11:54 / 17.02.2026
15 давлат Навалнийнинг ўлимини тергов қилишни талаб этмоқда
11:04 / 16.02.2026