Каллас бу ҳақда 5 октябр куни Брюсселда Молдова бош вазири Василе Тофан билан ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.

Европа дипломатияси раҳбари сўнгги ҳафталарда қитъада Россия билан боғлиқ гибрид ҳужумлар, диверсияга уринишлар ва ҳаво ҳудуди бузилиши ҳолатлари кескин кўпайганини билдирди.

«Ўтган дам олиш кунларида Россия ракеталари ва дронлари Молдова ҳаво ҳудудини яна бузди. Бу мутлақо номақбул», — деди Каллас.

Унинг баҳосича, Москва бундай ҳаракатлар орқали қўрқув уйғотиш ва Европа давлатларининг қарор қабул қилиш жараёнини издан чиқаришга интилмоқда. Каллас бунга жавобан хавф-хатарларга бардошлиликни ошириш ва Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Сентябр охирида Россия Украинанинг энергетика тизимига зарбаларини кучайтирган, Киев ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ҳам ҳужумга учраган. Шу ҳужумлар фонида Молдова Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳаво ҳудудига учта учувчисиз учиш аппарати кирганини маълум қилган.

Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам аввалроқ Россия томонидан янги гибрид ҳужумлар содир этилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Германия расмийлари Москва дронлар ва киберҳужумлардан фойдаланган ҳолда гибрид кампания олиб бораётганини бир неча бор билдирган. Жумладан, Берлин август ойида Лейпциг аэропортида дрон ёрдамида ҳужум уюштиришга уриниш ортида Россия турганини даъво қилган.