“Пахтакор футбол клуби” масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоиз давлат улуши савдога чиқарилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Клубни сотиб олувчи харидор кейинчалик қуйидаги талабларга риоя қилиши керак бўлади:

  • футбол клубининг фаолиятини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва халқаро даражага олиб чиқиш;
  • футбол клуби балансидаги барча спорт объектларидан, шу жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиш;
  • “Пахтакор” футбол клуби академияси фаолиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш.

Талабгорларнинг аризалари 2024 йил 15 феврал куни соат 18:00 га қадар қабул қилинади.

Тошкентнинг қоқ марказидаги 24 гектарлик ҳудуд

Фото: Wikipedia

Клубнинг энг қиммат активи – Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани И.Каримов кўчасида жойлашган 24,1 гектарлик стадион.

Клубни хусусийлаштириш ҳақида Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси томонидан 2023 йил 27 декабрда тегишли баён қабул қилинган.

Узоққа бормаган хусусийлаштириш

2017 йил август ойида “SFI Management Group” инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан “Пахтакор” ФК МЧЖ устав фондидаги 80 фоиз улушни сотиб олган эди. Клубнинг 20 фоиз акцияси Тошкент шаҳар ҳокимлигида қолганди. Ўшанда SFI гуруҳи “Пахтакор”га 5 йил давомида камида 200 миллиард сўм сармоя киритиб, тарихий стадион ўрнида янги стадион қуриши эълон қилинганди. 2019 йилда “Пахтакор” стадиони бузиш ва ўрнида янги стадион қуриш учун ёпилди.

“Пахтакор” стадиони қайта қуришдан кейин шундай кўринишда бўлиши айтилганди.

Бироқ 2021 йил феврал ойида SFI гуруҳи “Ўзметкомбинат”, ОКМК ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” компанияларидаги ишончли бошқарувини тўхтатгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, компания қўлидаги “Пахтакор” клуби ҳам тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига қайтди.