Жаҳон | 14:41 / 20.01.2024
5530
2 дақиқада ўқилади

Алек Болдуинга одам ўлдириш бўйича иккинчи марта айблов қўйилди

Машҳур киноактёр иккита модда бўйича айбланмоқда. Болдуинга нисбатан илгари қўйилган одам ўлдириш айблови 2023 йил апрел ойида олиб ташланганди.

Фото: Reuters

АҚШнинг Ню-Мексико штатидаги катта ҳакамлар ҳайъати таниқли актёр Алек Болдуинга 2021 йилда оператор Галина Хатчинснинг ўлимига сабаб бўлган «Занг» филми суратга олиш майдончасидаги отишма бўйича янги айблов қўйди. Бу ҳақда Ню-Мексико суди 19 январ, жума куни кечқурун хабар берди.

Болдуин икки модда бўйича одам ўлдиришда айбланмоқда - «ўқотар қуролдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш» ва «бошқалар хавфсизлигига тўлиқ эътиборсизлик ёки бефарқлик билан содир этилган ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган ҳаракат». Булар тўртинчи даражали жиноят бўйича айбловлар бўлиб, бунинг учун актёр 18 ойгача қамоққа олиниши мумкин. 

Терговдаги қўшимча фактлар 

Болдуинга нисбатан илгари қўйилган одам ўлдириш айблови 2023 йил апрелида олиб ташланган, бироқ прокурорлар кейинчалик «қўшимча фактлар» пайдо бўлганини айтганди. Идора Хатчинсни ўлдиришда фойдаланилган тўппончани қўшимча экспертизадан ўтказди. Экспертиза шуни кўрсатдики, Болдуин тепкини босгандагина ўқ узиши мумкин бўлган. Болдуин илгари буни қилмаганлигини таъкидлаганди. 

Актёрнинг адвокатлари янги суд жараёнини кутаётганини айтди. Янги суд мажлислари санаси ҳали белгиланмаган. 

Украина фуқароси, америкалик кинооператор Галина Хатчинс 2021 йилда Санта-Фе шаҳри яқинида «Занг» вестерн филмини суратга олиш чоғида ҳалок бўлганди. Саҳналардан бирида филмнинг бош актёри ва продюсери Алек Болдуин тўппончадан ҳақиқий бўлмаган патронлар билан ўқ узиши керак эди, аммо реквизит қуролида ҳақиқий ўқ бўлган ва у тасодифан 42 ёшли операторга тегиб кетган. Хатчинс олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этди. Қандай қилиб жанговар ўқ-дорилар суратга олиш майдончасига тушиб қолгани номаълумлигича қолмоқда. 

Мавзуга оид