Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторининг шимолий ва марказий қисмларида давлат хизматларини кўрсатишни қайтадан бошлади. Бу ҳақда KAN Исроил давлат телевидениесига таяниб Anadolu хабар берди.

ҲАМАС Исроил армияси томонидан ташлаб кетилган ҳудудларда фуқаролик бошқарувини қўлга олди, деди расмийлар.

Хабарда қайд этилишича, Ғазо секторидаги урушдан кейинги даврга оид қарорларнинг йўқлиги ҲАМАС ҳаракатига давлат хизматлари соҳасида кучайишига ёрдам берган.

Уруш каби фавқулодда вазиятлар учун тузилган фавқулодда қўмиталар билан бир қаторда, аввалроқ ҲАМАС назоратида бўлган муниципал идоралар ҳам шимолий ва марказий ҳудудларда ўз фаолиятини қайта бошлаган.

Исроил Ғазодаги урушдан мақсад ҲАМАС ҳаракатини йўқ қилиш ва гаровдагиларни озод этиш эканини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ 7 октябрдан бери давом этаётган урушда шу пайтгача бу мақсадларнинг бирортасига эришилмаган.