Ўзбекистон | 11:42 / 29.01.2024
7693
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш ишларида «ресурс усули»дан «ҳажм усули»га ўтилади — президент

Президент қурилиш лойиҳаси, тендер, объектни қабул қилишда коррупция учраб тургани, айрим қурувчи тадбиркорлар яширин ишлашга мажбур бўлаётганини айтди. Энди қурилиш ишларида «ресурс усули»дан воз кечилиб, «ҳажм усули»га ўтилади. Унда пудратчидан якуний натижа сўралади.

Фото: Президент матбуот хизмати

29 январ куни Шаввкат Мирзиёев вазирлик ва идора раҳбарлари билан йиғилишда уй-жой ва қурилиш соҳасидаги энг долзарб вазифаларни белгилаб берди. 

2024 йилда инвестиция дастури доирасида 1 минг 637 та инфратузилма объектини қуриш белгиланган. Лекин раҳбарлар бюджет маблағларини самарали ишлатиш, қурилишлар сифатини таъминлаш бўйича намунали тизим яратмаган. Қурилишга ажратилган бюджет маблағлари мақсадсиз ишлатилган, талон-торож ва ўғрилик қилинган.

Йиғилишда айрим қурувчи тадбиркорларнинг яширин ишлашига ёки бундай ишлашга мажбур қиладиган шарт-шароитлар борлиги таъкидланди. Бундан ташқари, лойиҳа, тендер, қурилиш ва объектни қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда коррупция ҳолатлари учраб турибди.

Эндиликда лойиҳа қилишдан бошлаб, объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар ҳам, уларнинг назорати ҳам янгича ташкил этилади.

2025 йил 1 январдан барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилишда «ресурс усули»дан воз кечилиб, «ҳажм усули»га ўтилади. 1 июлдан бу усул йўл, ичимлик суви ва кўприк қурилиши лойиҳаларида жорий қилинади.

Ўзбекистонда амалдаги лойиҳалаш жараёнлари ва қурилиш ишлари «ресурс усули»га асосланган. Унда 1 та объект қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилган. «Ҳажм усули»да эса пудратчидан якуний натижа сўралади. Муҳими, қурувчи объектни ўз вақтида ва сифатли топшириши керак, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, қурилишни коррупциядан холи соҳага айлантириш мақсадида 1 июлдан:

  • қурилишда тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилади;
  • пудратчи ташкилотлар бажарган қурилиш ишлари фақат солиқ органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилади;
  • объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб, далолатномалар «Шаффоф қурилиш» орқали тасдиқланади;
  • 10 млрд сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни фақат ва фақат «Шаффоф қурилиш» тизими орқали танлаш тартиби йўлга қўйилади. Ушбу тартиб халқаро молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади;
  • ишлаб чиқарувчи ҳам, қурувчи ҳам, назорат қилувчи ҳам қаерда қайси қурилиш материали қанча пул туришини онлайн кузатиб борадиган тизим бўлади.  
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид