XIX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб Марказий Осиё ҳудудлари аста-секинлик билан Россия империяси томонидан босиб олина бошланганди. Аввалига Қозоқ хонлиги йиқитилади ва унинг ҳудуди империя таркибига қўшиб олинади.

Аср ўрталарига келиб империя Қўқон хонлиги ҳудудига ҳужум қила бошлайди. Охир-оқибат 1860 йилда Пишпак (ҳозирги Бишкек), 1864 йилда Авлиё Ота (ҳозирги Тароз) ва Чимкент, 1865 йилда Тошкент руслар томонидан эгалланади.

Кўп ўтмай Қўқон хонлиги бутунлай тугатилади ва унинг ҳудуди тўлиқ Россияга қўшиб олинади. Минтақадаги Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги вассал давлатларга айлантирилади. Чор Россияси ўзи эгаллаган ҳудудларда бир нечта генерал-губернаторлик тузади.

ХХ аср бошига келиб Россияда вазият ўзгара бошлайди. Мамлакатда монархияга, жумладан Николай II бошқарувига қарши ҳаракатлар кучаяди.

Бу ҳаракатлар орасида Россияни ишчи ва деҳқонлар республикасига айлантиришни мақсад қилган болшевик ишчилар социал-демократик партияси (РСДРП(б) деб ҳам юритилади) алоҳида ажралиб турарди.

Бу ҳаракат Россия ва Европадаги аксарият мамлакатлар 1914 йилда бошланган жаҳон уруши билан овора бўлиб турганида Николай II’ни тахтдан ағдариш йўлида жиддий ҳаракатлар бошлайди.

Уруш туфайли ҳолдан тойиб бораётган империянинг турли ҳудудларида урушга ва монархияга қарши намойишлар авж олади. Охир-оқибат 1917 йил феврал ойида Россияда инқилоб амалга оширилади.

Император Николай II чорасиз қолиб, тахтдан воз кечишга мажбур бўлади ва ҳокимият вақтинчалик муваққат ҳукумат қўлига ўтди.

Шундан сўнг болшевиклар янада фаоллашиб, ҳокимиятни муваққат ҳукуматдан тортиб олиш учун ҳаракат бошлашади. Чор Россияси империяси парчаланиши муқаррар бўлиб қолади.

ХХ аср бошларида Россия империяси шундай кўринишда бўлган. Ўша пайтда Бухоро амирлиги, Хива хонлиги ва Тива империя таркибига кирмаган. Аксинча, Финландия ва Полша Россия таркибида бўлган.

Энг аввал империя таркибидан Полша ва Финландия чиқиб кетади. Сўнг Россия қўл остида бўлган Кавказ ва Марказий Осиёда миллий давлатлар тузишга киришилади.

Жумладан, Марказий Осиё шимолида Алаш Ўрда, ҳудуднинг марказий ва жанубий қисмида Туркистон мухторияти тузиш учун ҳаракатлар бошланади. Бироқ ҳар икки давлат ҳам узоқ яшамайди.