Бугун, 19 октябрь куни Самарқандда «Марказий Осиё – АҚШ» минтақавий мулоқоти доирасида ташқи ишлар вазирларининг «C5+1» форматидаги учрашуви бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Мирзиёев тўрт вазир билан алоҳида-алоҳида учрашлар ўтказди, деб бермоқда Kun.uz мухбири. «Бутун дунё Марказий Осиёни ягона куч сифатида қабул этмоқда», деди Ўзбекистон етакчиси.
Суҳбатларда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тиловберди билан учрашувда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Президент администрациялари, парламентлар, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасидаги фаол алоқалар юксак баҳоланди. Қайд этилишича, товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсмоқда, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Томонлар келгуси йил учун тадбирлар режасини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеэнбек Кулубаев билан суҳбатда асосий эътибор 2026 йил июлида Қирғизистонга қилган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижросига қаратилди. Энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳалар ҳам тилга олинди. Келгуси йилга мўлжалланган маданий-гуманитар тадбирлар ва ҳудудлараро алмашинувлар режасини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашувда олий даражадаги келишувлар доирасида икки давлат иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалигидаги кооперация лойиҳалари эса фаол босқичга кирган.

















