Фаластиндаги вазият

АҚШ БМТнинг Хавфсизлик кенгашига Жазоир томонидан таклиф этилган Ғазодаги сулҳ ҳақидаги резолюциясига яна вето қўйди. Бу АҚШнинг бешинчи марта Исроилни ёқлаб вето қўйиши.

Вашингтоннинг таъкидлашича, ҳужжатнинг қабул қилиниши «барқарор тинчликка эришишга имкон бермайди».

Резолюцияни қўллаб Хавфсизлик кенгашининг 10 нафар муваққат ва 3 нафар доимий аъзоси овоз берган. Биргина АҚШ қарши бўлган, Буюк Британия иккиланган.

Ғазодаги қирғин тўхтамаётгани сабаб кундан кунга қурбонлар сони ошиб бормоқда. Исроил агрессиянинг 137-кунига келиб, қамалдаги Ғазода қурбонлар сони яна 103 тага кўпайган ва 29 минг 195 кишига етган. Сўнгги сутка ичида 142 киши ярадор қилинган. Ярадорларнинг умумий сони 69 минг 170 кишига етган.

Ҳаагадаги БМТ Халқаро суди Жанубий Африка Республикасининг Исроилга нисбатан Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузганлик тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқишда давом этмоқда.

Январ ойида халқаро суд оралиқ қарор сифатида Исроил Ғазо секторини қамал қилишни тўхтатиши ва кўпроқ инсонпарварлик ёрдамини эксклавга киритиши тўғрисида қарор чиқарган эди. Суд қарори бандлари бажарилмаяпти.

БМТнинг бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Ғазо секторида оммавий очлик юз бераётганини қайд этган.

ЮНИСЕФ ва БМТ бутунжаҳон озиқ-овқат дастури томонидан тайёрланган ҳисоботга кўра, Ғазо секторининг шимолида вазият тобора оғирлашмоқда ва икки ёшгача бўлган ҳар олтинчи бола тўйиб овқатлана олмаётганликдан азият чекмоқда.

Дастур Ғазо шимолида озиқ-овқат ёрдамини тарқатишга қийналмоқда ва хавфсиз шарт-шароитлар яратилгунга қадар уни тўхтатиб туришга мажбур бўлмоқда. 

Қизил денгиздаги вазият

Ҳусийчилар Адан қўлтиғида Исроилнинг MSC Silver кемасига ракета зарбаси берганини эълон қилди. Америка ҳарбий кемалари бир нечта пилотсиз парвоз қурилмаларини уриб туширган. Шунингдек, ҳусийчилар Исроилнинг Эйлат шаҳрига дронлар билан ҳужум қилганини таъкидлаган.

Ҳусийчилар Адан қўлтиғида Америкага тегишли иккита кемага ҳам ҳужум қилган.

Эрон томонидан қўллаб келинаётган Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига аъзо исёнчилар Американинг Адан қўлтиғида сузиб юрган иккита кемасига ҳужум уюштирган. Бу ҳақда ҳаракатнинг ҳарбий вакили Яҳё Сария маълум қилган.