Воқеа 3 ноябр куни Жиззах шаҳрининг Бунёдкор маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 25 А 915 ОА давлат рақам белгили Lacetti ҳайдовчиси йўлдаги ҳайвонни ҳеч бир сабабсиз босиб кетган.
Вилоят ЙҲХБ хабарига кўра, ҳодисадан сўнг ҳайдовчи ички ишлар органларига олиб келинган. У қилмиши учун узр сўраб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдирган.
Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бу моддага асосан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (3 млн 80 минг сўмдан 4,4 млн сўмгача) жаримага сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июл ойида Қамаши туманида яшовчи ҳайдовчи Damas автомобилига ит жасадини боғлаб судрагани учун унга нисбатан ҳам МЖтКнинг 111-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилганди.









