Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17рейси 2014 йилда Донецк вилоятида ҳалокатга учраши муносабати билан Нидерландия 166 миллион евро зарар кўрган. Бундай маълумотлар Нидерландия Ҳисоб палатаси томонидан ҳукумат талабига биноан тайёрланган ҳисоботда келтирилган. Ҳужжат 29 феврал, пайшанба куни Ҳаагада тақдим этилди

Нидерландия бош вазири Марк Рюттенинг X ижтимоий тармоғидаги постига кўра, ушбу харажатлар Нидерландиянинг даъвоси натижасида Россияга юкланиши мумкин. 

«Ҳукумат ушбу ҳисобот учун жуда миннатдор, чунки қурбонлар ва уларнинг яқинлари азоб-уқубатларини енгиллаштириш иложи йўқлиги аниқ бўлса-да, биз адолат сари қадам ташлашимиз мумкин. Масалан, ушбу ҳисобот Нидерландиянинг Россияга қарши товон тўлаш учун асосли даъвосига олиб келиши мумкин», - дейилади хабарда. 

Нидерландия БМТ Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотида MH17 ҳалокати учун Россия давлатининг жавобгарлиги юзасидан иш қўзғатди. Нидерландия Ҳисоб палатасига ушбу даъвони тўлдириш учун мамлакатнинг ушбу офат билан боғлиқ харажатлари тўғрисида маълумот тўплаш вазифаси юкланган. 

MH17 рейси ҳалокати билан боғлиқ Нидерландия харажатлари 

Ҳисоботда айтилишича, энг катта харажатлар моддаси табиий офат сабабларини ўрганиш бўлган: бунга 53 миллион евро сарфланган. Яна 34,1 миллион евро гумондорларни жиноий таъқиб қилишни ва суд жараёнини ташкил этишга сарфланди. 

Россиянинг ТАСС агентлиги ёзишича, ҳисоботда фақат 2022 йил охиригача қилинган харажатлар ҳисобга олинган. «Шунинг учун, масалан, 2023 йил август ойида ҳокимият томонидан жабрланувчиларнинг яқинларига етказилган зарарни қоплаш учун депозит сифатида ажратилган 16,5 миллион евро маблағ киритилмаган. Келажакда бу маблағлар ҳар йили янги харажатларни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилиши керак, масалан, фожиа қурбонларининг оилалари ва яқинларига психологик ёрдам кўрсатиш, хотира тадбирларини ўтказиш ҳамда Монреалдаги фуқаролик авиацияси халқаро ташкилоти ва Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида кўриб чиқилаётган ишлар контекстида мутахассисларнинг хизматларига ҳақ тўлаш», — дейилади баёнотда.

MH17 рейси Украина узра ҳалокатга учраган

Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейси 2014 йил 17 июл куни Украина шарқида мамлакат қуролли кучлари ва айирмачилар ўртасида ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган ҳудудда уриб туширилган. Натижада 298 киши ҳалок бўлди.