Reuters агентлигининг 27 сентябрда хабар беришича, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат расмийлари томонидан аккредитация қилинган нидерландиялик дипломатларнинг мақомини бекор қилган. Уларнинг дипломатик мақоми етти кундан сўнг ўз кучини йўқотади.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар X ижтимоий тармоғида қарорни изоҳлаб, Нидерландия фаластинликлар билан муносабатларда ўз манфаатларини ифода этишни давом эттириши мумкинлигини, аммо буни Исроил ҳудудидан амалга оширмаслиги кераклигини билдирган.
«Агар Нидерландия фаластинликлар олдида ўз манфаатларини ифода этишни давом эттирмоқчи бўлса, буни Исроил давлати ҳудудидан эмас, Фаластин мухторияти ҳудудидан амалга ошириши мумкин», — деб ёзган Саар.
Тақиқ шахсий багаж ва сувенирларга ҳам тааллуқли
Хабарга кўра, 22 сентябрдан Нидерландия, шунингдек, Буюк Британия, Франция, Канада, Дания ва бошқа қатор мамлакатлар Ғарбий соҳил, Жўлон тепаликлари ҳамда Шарқий Қуддусдаги Исроил аҳоли пунктларига нисбатан санкциялар жорий этган.
Импорт тақиқи мазкур аҳоли пунктларидан олиб кириладиган барча товарларга, жумладан, саёҳатчиларнинг шахсий багажи таркибидаги буюмлар ва сувенирларга ҳам татбиқ этилади.
Нидерландия божхона идоралари тушунтиришича, товарнинг келиб чиқиш жойи унинг қаерда сотиб олингани ёки ишлаб чиқарилганига қараб аниқланади. Шу боис чеклов Исроилдан келтириладиган барча маҳсулотларга эмас, айнан мазкур аҳоли пунктларида харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган товарларга тегишли.
The Times of Israel нашри суҳбатлашган йўловчилар Амстердам аэропортида багаж текширувлари аввалгидан синчиклаб ўтказилаётганини айтган.
Ғарбий соҳилдаги Исроил аҳоли пунктлари
Исроил 1967 йилги Олти кунлик уруш даврида, унга қадар Иордания аннексия қилган Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили устидан назорат ўрнатган.
Кейинги ўн йилликларда Исроил бу ҳудудда ўнлаб аҳоли пунктларини қурган. Хабарда келтирилишича, уларда қарийб 500 минг яҳудий истиқомат қилади. Ғарбий соҳилдаги фаластинликлар сони эса тахминан 3 миллион кишини ташкил этади.

















