Жаҳон | 09:41 / 02.03.2024
15695
2 дақиқада ўқилади

Яна икки мултимиллионер Россия фуқаролигидан воз кечди

2017 йилдан 2021 йилгача Баронов ва Тимашев Forbes талқинига кўра Россиянинг 200 нафар энг бадавлат тадбиркорлари рейтингига киритилган.

Фото: AP

Американинг Veeam Software ва Object First IT компаниялари асосчилари Андрей Баронов ва Ратмир Тимашев Россия фуқаролигидан воз кечди. Бу ҳақда 29 феврал куни Forbes нашри хабар берди. Иккала тадбиркор ҳам узоқ вақтдан бери чет элда яшайди: Баронов Швейцарияда, Тимашев эса - АҚШда. Россия паспортидан воз кечгач, улар Кипр фуқаролигини сақлаб қолган

2017 йилдан 2021 йилгача Баронов ва Тимашев Forbes талқинига кўра Россиянинг 200 нафар энг бадавлат тадбиркорлари рейтингига киритилган. 2020 йилда журнал Бароновнинг бойлигини 770 миллион доллар, Ратмир Тимашевники 680 миллион доллар деб баҳолаган. Уларнинг бойлиги асоси - Veeam Software компаниясини Американинг Insight Partners венчур фондига беш миллиард долларга сотишдан олинган даромад. 

Forbes рўйхатидаги 9 тадбиркор Россия фуқаролигидан воз кечди 

Андрей Баронов 2023 йилда Россия фуқаролигидан воз кечиш учун ҳужжатлар тақдим этилишини LinkedIn ижтимоий тармоғидаги ўз аккаунтида эълон қилди. У постда Россия қўшинларининг Украинага киришини танқид қилди ва «Украина ҳудудидаги кўчирилган украиналикларга» ёрдам берган нуфузли гуманитар ташкилотларга миллионлаб доллар хайрия қилганини айтди. 

Forbes таъкидлаганидек, тадбиркорлар Россиянинг Кипрдаги элчихонасида фуқароликдан воз кечиш процедурасидан ўтган. Баронов ва Тимашев Украинада уруш бошланганидан кейин Россия фуқаролигидан воз кечган Forbes рўйхатининг собиқ ва ҳозирги аъзолари орасидан саккизинчи ва тўққизинчи тадбиркор бўлди. Уруш бошланганидан кейин Forbes’нинг қуйидаги иштирокчилари ҳам Россия фуқаролигидан воз кечди: Рубен Варданян («Тройка Диалог»), Тимур Турлов (Freedom), Юрий Милнер (DST Global), Николай Сторонский (Revolut), Игор Макаров («Итера»нинг собиқ эгаси), Олег Тинков (Tinkoff Group асосчиси), Василий Анисимов.